7 февраль куни соат 17:00 (Туркия вақти билан) ҳолатига кўра, 13 нафар Ўзбекистон фуқароси ушбу мамлакатда вайронкор зилзилалар зонасида қидирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар берди.

Куннинг иккинчи ярмида Малатя вилоятида 1 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ва 4 нафар ўзбекистонлик қидирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.

«15 нафар ватандошларимиз қидирилаётган эди, булардан 2 нафари билан алоқа ўрнатилиб, 13 нафарини қидирув ишлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, 17 нафар ватандошимизни, жумладан, 13 нафар спортчини табиий офат ҳудудидан Истанбулга олиб боришда ёрдам берди.

Сешанба куни Ўзбекистондан икки самолёт табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун энг кўп жабрланган Адана ва Газиантеп шаҳарларига инсонпарварлик ёрдами ва 100 нафарлик қутқарувчилар гуруҳини етказди, дея хабар берди Дунё нашри.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари зудлик билан 15 мингдан ортиқ ўзбеклар истиқомат қиладиган Хатай тумани Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлади.

Ўзбекистоннинг Анқарадаги элчихонасида зилзиладан жабр кўрган ватандошларга ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш учун кечаю кундуз штаб ташкил этилди. Телефон: +90−538−035−85−34.

Туркиянинг 10 вилоятида фавқулодда ҳолат жорий этилди

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Қаҳрамонмарашдаги зилзиладан жабр кўрган 10 вилоятда уч ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилди, деб хабар бермоқда «Анадолу».

У Туркияда 3549 киши зилзила қурбони бўлгани, 22,1 минг киши жароҳатлангани ҳамда 8000 дан ортиқ одам вайроналар остидан қутқарилганини маълум қилди.