Туркияда рўй берган зилзилалар оқибатида Малатья провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборотида маълум қилинди.

2023 йил 7 февраль (Тошкент вақти билан) соат 10.00 ҳолатига кўра, зилзила оқибатида Малатья провинциясида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлганини афсус ва чуқур қайғу билан қайд этамиз. Ташқи ишлар вазирлиги марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради, — дейилади баёнотда.

Бундан ташқари, тўрт нафар ўзбекистонлик бедарак йўқолган. Уларни топиш бўйича тезкор қидирув-қутқарув ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳозирда зилзила оқибатида зарар кўрган фуқароларга тегишли ёрдам кўрсатиш ва уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мақсадида Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси қошида 24 соат фаолият юритадиган штаб ташкил этилган бўлиб, унга қуйидаги рақам орқали мурожаат қилиш мумкин: +90−538−035−85−34.

Президент топшириғига мувофиқ Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида сафарбар этилган Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакиллари Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини бошлаган. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади.

Ўзбекистоннинг Анқара шаҳридаги элчихонаси ва Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан фуқароларни табиий офат ҳудудларидан хавфсиз жойларга кўчириш ва мамлакатга олиб келиш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда.

Жумладан, 3−6 февраль кунлари Каҳраманмараш шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида эркин кураш бўйича халқаро мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси Туркия томони билан ҳамкорликда Анқарадаги таълим марказига вақтинчалик жойлаштирилди ва уларнинг Ўзбекистонга қайтариш масалалари ишлаб чиқилмоқда.