2023 йил якунида Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши 4,5−5 фоизга ва йиллик инфляция 8,5−9,5 фоиз доирасида шаклланиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Марказий банк бошқарув йиғилиши қарори бўйича пресс-релизда келтирилган.

Макроиқтисодий ривожланиш прогнозларига кўра, I чоракда ЯИМ ўсишининг маълум даражада секинлашиши бўйича эҳтимоллик юқори экани қайд этилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, бир томондан базавий инфляциянинг ўсувчи динамикаси ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар даражаси, иккинчи томондан, ташқи иқтисодий шароитлар ва таклиф омилларидаги хатарлар пул-кредит сиёсати таъсир доирасини қисқартириши мумкин.

«Марказий банк пул-кредит шароитларининг талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирини синчковлик билан баҳолашда давом этади. Кўрилаётган чора-тадбирлар талаб ва таклиф мутаносиблигини таъминлаш ҳамда инфляциянинг прогноз коридори доирасида шаклланишига ва 5 фоизлик ўрта муддатли таргетига эришишига қаратилади», — дейилади хабарда.

Зарур ҳолларда инфляциянинг номонетар омилларини камайтириш, таъминот занжирларидаги узилишларни бартараф этиш ва зарурий таклиф ҳажмларини таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Аввалроқ 2022 йилдаги иқтисодий вазият таҳлили ҳақида хабар берилиб, унда Марказий банк сўнгги чоракларда барқарор юқори иқтисодий ўсиш динамикаси кузатилганини маълум қилганди.