Сешанба куни эрталаб Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг залида камида 50 киши — Нукус воқеаларида айбланаётганларнинг яқинлари, парламент комиссияси аъзолари ва журналистлар йиғилди.

Соат 10:00 га белгиланган ҳукм эълон қилинишига 15 дақиқа қолганида судланувчилар махсус ойнаванд сақлов жойига келтирилди. Улар бир-бирлари билан саломлашиб, олти қатор ёғоч ўриндиқларга ўтиришди.

Айни шу вақт зал жонланди: қариндошлар — уларнинг аксарияти аёллар — ўринларидан турди, судланувчиларнинг қариндошлари кўзлари билан саломлашиш учун яқинларини қидира кетди, кимдир йиғлай бошлади, фотоаппаратлар овози эшитилди.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Ушбу шов-шувли иш бўйича асосий айбланувчилар қаторига сўнгги бўлиб Даулетмурат Тажимуратов ва Лолагул Каллиханова кирди. Прокурор суддан уларга мос равишда 18 ва 11 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини беришни сўраганди. Залда ўтирган синглиси билан бир-икки ибора алмашгандан сўнг, Каллиханова махсус ойнаванд хонанинг энг бурчагига ўтирди.

Тажимуратов қора водолазка ва шим кийганди; у ўзини тетик тутиб, суд иши бошида уни бу ишга ундаганликда айблаган бошқа судланувчилардан ажралиб турди. Ойнаванд хонанинг икки томонида ходимлар жой олди.

* * *

Соат 10:00 га яқин судья Елубай Абибуллаев залга кирди ва дарҳол ҳукмларни ўқишга киришди. Айбланувчилар уни бошларини эгиб, қўлларини бир-бирига боғлаб тинглашди. Тажимуратов асабийлаша бошлади — тасбеҳини чангаллаб, у ёқдан-бу ёққа безовталаниб чайқалди.

Мажлисдан бир кун олдин парламент комиссияси кутилмаганда суддан «инсонпарварлик тамойили асосида» ҳукм чиқаришни сўради. «Газета.uz» манбалари кутилмаган суд ҳукмларига ҳам ишора қилди. Бу айбланувчиларнинг бир қисмига нисбатан оқлов ҳукми кутилаётгани ҳақида ўйлашга асос бўлди.

Иш бўйича тўрт нафар айбланувчи — Азамат Нуратдинов, Ахмет Сметуллаев, Азамат Турданов ва Лолагул Каллиханова ўша куни ойнаванд хонани тарк этди. Дастлабки уч нафарининг ҳар бири беш йилга озодликдан чекланди, Каллиханова саккиз йиллик шартли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди («Газета.uz» ҳар бир маҳкумнинг жазоси ҳақида батафсил маълумотни тақдим этган).

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Судья Нуратдиновнинг ҳибсдан озод этилганини эълон қилгач, орқа қаторлардан чуқур енгил нафас эшитилди. Кейинги ўн дақиқада Сметуллаев ва Турданов Нуратдиновга қўшилди.

Каллихановага берилган шартли жазони зал олқишлар билан кутиб олди. Тажимуратов ҳукмни маъқуллаганча ойнаванд хонадан чиқиб кетаётган Лолагулнинг елкасига қоқиб қўйди. Суд якунлангач, Каллиханова ўз интервьюсида колонияга жўнатилишини кутганини тан олди ва унинг хатолари «бошқа журналистларга ўрнак бўлиши кераклигини» айтди.

* * *

Тажимуратовнинг ҳукми охирги бўлиб эълон қилинди. Тажимуратовнинг ҳимоячиси сифатида қатнашган укаси Ринат Тажимуратов суд қарорига қўшилмади ва уни адолатсиз деб атади. «Ҳамма билади, ҳатто юридик билимсизлар ҳам [Даулетмуратнинг айбини] исботлай олмаганларини билишади. Бугун озодликка чиқади деб ўйлагандим. Биз бу тизимни яхшилашимиз, ислоҳ қилишимиз керак, билакс буларнинг барчаси суд эмас, балки цирк», — деди у. Ринат Тажимуратов «Газета.uz» билан суҳбатда апелляция берилишини тасдиқлади.

Ҳукмни ўқиш бир соатдан сал кўпроқ вақтни олди ва судья зални тарк этиши билан маҳкумларнинг қариндошлари баланд овозлар билан улар билан гаплашиш учун ички ишлар ходимлардан ўтишга ҳаракат қилишди. Арислан Темирхановнинг рафиқаси ойнаванд хонага кафти билан бир сония тегинишга муваффақ бўлди, нариги тарафдаги эри эса бармоғини лабига қўйиб, йиғламаслигини сўради, шундан сўнг ходимлар аёлни четга олишди.

«Биз [ҳукмга] рози эмасмиз, рози эмасмиз. Улар туҳмат билан қамоққа олинди», — деди яқинларидан бири кўз ёшлари билан журналистларга.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Саккиз йилга колонияга ҳукм қилинган Разбек Бекмуратовнинг онаси йўлакда аҳволи ёмонлашиб, ҳушини йўқотди. Миллий гвардия ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун атрофдагилардан тарқалишни сўради.

Одамлар биринчи қаватдаги залда йиғилишди. Бир нечта қариндошлар ёнма-ён ўтириб, бир-бирларини қўлларини ушлаб тинчлантиришди.

нукус воқеалари, суд, қорақалпоғистон

Изоҳ сўралганда, улардан бири бу уларга қандай ёрдам беришини сўради ва унинг ёнида ўтирган аёл ОАВ бу қандай содир бўлганини ёзишини айтганда, у: «Мен бунга ишонмайман», деб жавоб берди.

Анонимлик шарти билан, маҳкумлардан бирининг қариндоши изоҳ беришга рози бўлди. Гапни бошлаш учун унга бир неча сония керак бўлди — унинг юзидан ишончсизлик ва қўрқувни англаб олиш мумкин эди.

«Ҳозир биз учун жуда қийин», — деди у. «Суд адолатли бўлмади. Чунки ҳаммага бир хил — 244-модда (аниқроғи, 244-модданинг 3-қисми — таҳр.) бўйича айблов қўйилган, бироқ улар ҳаммага бир хил қамоқ жазосини беришмади. Баъзиларига 7 йил, баъзиларига 3 [йил] берилди, баъзилари ҳатто суд залида озод қилинди. Биз бунга рози эмасмиз. Биз Олий судга борамиз. Илтимос, бу масалани Олий суд ҳал қилсин».

«Ягона укам», — деб йиғлаб юборди у диктофонни ўчиришимиз биланоқ. «(Оилада) етти қизмиз ва у охирги (фарзанд). Бу адолатдан эмас».