Нукус воқеалари юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Даулетмурат Тажимуратовнинг укаси Ринат Тажимуратов судда акасининг ҳимоячиси сифатида қатнашди. «Газета.uz» билан суҳбатда у суд ҳукми ва апелляция шикояти бериш режалари ҳақида гапирди.Ринат Тажимуратов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Ринат Тажимуратов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»
"Уни суд залидан озод қилишади, деб кутгандим, чунки жиноят таркиби йўқ, далил базаси йўқ. Шу боис улар уни қўйиб юборишлари керак эди", — деди Ринат Тажимуратов. У суд қарори устидан «албатта» апелляция шикояти берилишини маълум қилди.

Ринат Тажимуратовнинг сўзларига кўра, акаси ўзига қўйилган бирор моддани тан олмаганди, «лекин Жиноят кодексининг 244−1-моддаси [бўйича қўйилган айблов]га (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) рози бўлганди, чунки бу модда анча мураккаб» ва «бу моддани исталган одамга илиш мумкин».

«Бу цирк бўлмай нима? Одил суд ўзини шундай тутадими ахир?», — деб савол қўйди Ринат Тажимуратов.

«Ҳукмгача мени ҳамма нарса ҳатто 200 фоизга қониқтираётган эди. Чунки судья сўровларимизни тўлиқ қаноатлантирди. Бу ҳукм эса, албатта, адолатсиз бўлди. Умуман олганда, жараён аъло даражада ўтганди», — дея изоҳлади у.

Жараён бошида Ринат Тажимуратов судья Елубай Абибуллаевнинг алмаштирилишини сўраганди. Шу ҳолат ҳақида эсларкан, бунга ушбу воқеаларгача акаси судья Абибуллаев адолатсиз экани ҳақида бир неча видеомурожаат ва материаллар чиқаргани сабаб бўлганини айтиб ўтди.

«Биз бошида бу судья [ўша эски гап-сўзларга] ўралашиб қолади, деб ўйлагандик. У гина сақлайдиган одам ва ўша видеоматериаллар ҳақида эслатади, деб ўйлагандик, лекин ундай бўлмади. Суд жараёнида эса у барча судланувчиларга нисбатан тўлиқ хайрихоҳ эканига ишонч ҳосил қилдик ва, умуман олганда, акам билан бирга унинг бу жараёндаги хатти-ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдик. Такрорлайман, ҳукмдан ташқари [ҳамма нарсадан қониқдик]», — деди судланувчининг укаси.

Ринат Тажимуратовнинг фикрича, суд «ташқи омиллар, ташқи кучлар таъсирини мутлақо исбот қила олмади» (Қорақалпоғистон раҳбарияти ва Ўзбекистон расмийлари Нукус воқеалари якунига етиши билан шу ҳақда гапирган эди — таҳр.).

«Суд жараёни давомида биз ушбу митинг фақат Конституциявий ўзгартишлар сабабли бошланганини бир неча бор етказишга уриндик. Конституциявий тузумни ўзгартириш учун ҳокимиятни эгаллаб олиш ҳақида ҳеч қандай хаёл ҳам йўқ эди. Акамнинг бундай мақсадлари йўқ эди. У суд жараёнида ҳам, ундан аввал ҳам президентни ҳурмат қилишини, президентнинг фармон ва кўрсатмалари уни тўлиқ қониқтириши ҳақида бир неча бор гапирганди», — дея таъкидлади у.

«Айблов томони ушбу жараённи ўзининг билими (компетентлиги) нуқтаи назаридан тўлиқ ютқазди. Чунки суднинг бошида улар айблов хулосасини ўқиб беришди, бир қатор шундай ноаниқликларга йўл қўйишди. Биз бундай эмаслигини исботладик, бир неча бор исботлаб бердик», — дея қайд этиб ўтди Ринат Тажимуратов.

«Шунга қарамай, музокаралар вақтидаги сўнгсўзда улар яна ўша айблов хулосасини такроран ўқиб беришди. Биз акам билан бирга улар бу ишни умуман ўқимаган бўлса керак, деб ўйлаб қолдик. Шундай хатоларга йўл қўяётган бўлса, менимча, улар суд вақтида ҳақиқий маънода ухлаб ўтирган. Бунга ақл бовар қилмайди, чунки бу иш шов-шувли ҳодиса сифатида баҳоланаётган эди. Бу ерда прокуратура «ас»лари ўтириши керак эди. Айблов тўлиқ ютқазди. Молиялаштиришни исботлай олмади, чунки бундай нарса бўлмаганди», — деди у.

«Улар барча ҳисоб-рақамларимизни, карта бўйича барча ўтказмаларни текшириб чиқишди. Буни ҳам исботлай олишгани йўқ. Акам, аксинча, у ҳақиқатан ҳам [газета] обунаси учун таълим вазирлиги билан шартнома тузганини ўзи исботлаб берди. Акам ўз томонидан шартнома шартларини бажарганини, шунинг учун унга пул ўтказиб беришганини айтиб турибди. Уни бўлса бунинг учун 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш — таҳр.) бўйича айблашди», — дея қўшимча қилди судланувчининг укаси.

«243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш — таҳр.) бўйича ҳам саволлар бор. Агар 167-модда турган бўлса, унда 243-модданинг нима кераги бор ёки аксинча? Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш. Эътибор беринг — жиноий фаолиятдан олинган даромадларни, дейиляпти. Демак, шунча йил давомида акам жиноий фаолият билан шуғулланиб келган экан-да. Агар шундай бўлса, унда ҳукумат нега эътибор бермаган?», — деб сўради у.

«Шу боис бу моддани мутлақо уқувсизларча қўйишган. У жиноятчи эмас-ку, у жиноий фаолият билан шуғулланмаган-ку. У ўғри ё қотил бўлиб, сўнг бу даромадларини легаллаштирган бўлса [бошқа гап эди]. Йўқ, у ўз пулини журналист сифатида ҳалол ишлаб топган», — дея маълум қилди Ринат Тажимуратов.

Лолагул Каллиханова фақат унинг ўзи ва Даулетмурат Тажимуратов озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазога лойиқлигини таъкидлаган эди. Ринат Тажимуратов у ва унинг акаси бу фикрга қўшилиш-қўшилмаслиги ҳақидаги саволга шундай жавоб берди: «Йўқ. Акам 5 июль куни тинч митинг ўтказмоқчи эди, аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларнинг ўзи бунга имкон бермади ва 1 июль куни бизни қонунга зид равишда уйимиздан олиб кетишди. Халқ шу сабабли кўтарилди ва тартибсизликлар бошланиб кетди. Сўнг уларнинг ўзи ялинишди: „Даулетмурат, одамларнинг олдига чиқиб, уларни тинчлантир, илтимос“, деб. У аввалига бош тортаётганди, кейин рози бўлди. Унинг сўзларидан сўнг тахминан 80 фоиз одам уйига тарқалди».

«Амалда ушбу фактлар унинг айбини енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида хизмат қилиши керак эди, ахир 1 июль куни у халқ уйига тарқалишига эриша олди-ку. Улар бўлса [ишнинг] фақат қора томонига қараяпти», — деди Ринат Тажимуратов.

Даулетмурат Тажимуратов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»Даулетмурат Тажимуратов. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

У суд томонидан Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳасини маъқуллаган депутатларни ҳамда «профилактик суҳбат баҳонаси билан бизни уйдан ўғирлаб кетган» кучишлатар тузилма вакилларини жавобгарликка тортиш бўйича алоҳида махсус қарор чиқарилишини кутганини таъкидлади.

«Аммо уларга нисбатан хусусий ажрим чиқарилмади. Ваҳоланки, депутатлар айбдор-ку. Улар қачон жавоб беради? Чунки уларнинг ҳаракатсизлиги ва расмийларнинг ҳаракатсизлиги мана шундай қайғули ҳодисаларга сабаб бўлди», — деди у.

Даулетмурат Тажимуратов озодликка чиқарилганида, у ўз ишини қилишда давом этган бўларди, деб ҳисоблайди унинг укаси. «Журналистика — унинг жону дили. Унинг журналист гувоҳномасини тортиб олишса ҳам, у хоҳ маслаҳатлари билан бўлсин, хоҳ бошқачасига, ёрдам беришда давом этаверади. У билан бунақаси кўп марта бўлган. [Биринчи президент Ислом] Каримов даврида ҳам уни бир неча бор ҳеч бир сабабсиз қамаб қўйишган, исботлай олишмаган», — деди у.

«Адашмасам, у 1997 йили юридик [институт]га ўқишга кирган. Иккинчи курсдан бошлаб у юриспруденцияга фаол қизиққан ва мана шундай натижаларга эришган», — дея қўшимча қилди Ринат Тажимуратов.

У, шунингдек, судья Даулетмурат Тажимуратовнинг тергов вақтидаги қийноқлар ва унинг танишлари ўлдирилиши бўйича берган аризаси юзасидан ҳам хусусий ажрим чиқармаганини эслатиб ўтди. «У [Қорақалпоғистон] ИИВнинг учинчи қаватида уларнинг барини полга ётқизиб қўйиб, устида сакраб, оёқлари билан тепишганини айтиб берганди».

«1 июль куни, гўёки профилактик суҳбат доирасида ушлашган вақти, бизга тегишмаган эди, лекин Даулетмуратни обдон „қайта ишлашган“ эди. Биз уни уйда ечинтириб кўргандик, ҳаммаёғи моматалоқ бўлиб кўкариб кетганди», — деди у.

«Ушлаш вақтида Руслан Ибрагимов (унинг ўлими ҳақида хабар берилган, бу борада расмий ахборот берилмаган — таҳр.) ва Артур Тлегенов унинг ёнида бўлган. У яширинган вақти Русланникида тунаб қолган. Булар унинг яқин ўртоқлари эди, неча йилдан бери дўст эди. Мадиёр Ўразбоев (у ҳам қўлга олингач вафот этгани ҳақида хабар тарқалган — таҳр.) тадбиркор, қўли очиқ одам эди. Ўз ҳисобидан бир неча масжид қурдирган, ёрдам берган эди. Артур — ишсиз, унинг дўсти. Артурнинг оёғини синдиришган. Ибрагимов ўлди. Афсуски, Мадиёр ҳам ўлди», — дея маълум қилди Ринат Тажимуратов.

«Судья бу ишлар алоҳида юритувга олинганини айтди. Аммо, менимча, бу ишни ёпишади, чунки ҳамма қариндошлар ва яқинлар ҳеч қандай даъволари йўқлиги ҳақида аризалар ёзиб беришган. Давлат экспертлари видеоларни, ўқларни ўрганди… 18 ё 21 киши ўлди-ку. Уларни ким ўлдирди, қайси ходим қаерга отган? У ерда қаерга отишгани бўйича фактлар бор-ку, бошига ҳам, кўкрагига ҳам, ваҳоланки, қонун бўйича бу[ндай отиш] мумкин эмас. Аввалига ҳавога ўқ отиш керак, сўнг тананинг пастки қисмига, масалан, оёққа қараб отиш мумкин», — дея давом этди у.

Бир қатор одамларнинг боши ва кўкрагига ўқ узилиши оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида иш материалларида ёзилган, фотосуратлар, суд-тиббиёт экспертларининг хулосалари бор, дейди акасининг ҳимоячиси сифатида иш материаллари билан танишиб чиққан Ринат Тажимуратов. «Мен ишни ўрганиб чиқдим-ку», — деди у ўлим ҳолатлари ҳақида қаердан биласиз мазмунида берилган саволга жавоб бераркан.

«Мен нимани билмоқчиман? Экспертлар баллистик экспертиза ўтказиб, буни ким қилганини ишда кўрсатиб, белгилаб беришлари керак», — деди у.

Нукус воқеаларини ўрганиш бўйича парламент комиссиясининг фаолияти бўйича изоҳ бераркан, Ринат Тажимуратов шундай деди: «Улар кимларгадир ёрдам берди. Бир неча кишини уларнинг кафиллиги остида озодликка чиқаришди. Уларни қўйиб юборишганидан ва судланувчилар сонини шунчалик камайтиришганидан жуда хурсандман. Жуда ҳам. Лекин умуман олганда бизга, менинг акамга улардан бир тийинлик ҳам, бир грамм ҳам ёрдам бўлгани йўқ».

Апелляция ҳақида гапираркан, Ринат Тажимуратов шундай деди: «Тергов изоляторига киришим борган сари қийинлашиб боряпти. Улар ҳар хил бюрократик тўсиқлар қўйяпти. Ҳозир „маслаҳат“ бўляпти, дейишяпти. Кеча суд жараёни тугади ва энди кира олмайсан, дейишди. Нега кира олмас эканман, деб сўрадим. Ҳали апелляция ҳам бор. Мен у билан апелляция тафсилотларини муҳокама қилишим керак. Бир сафар мен унинг олдига уларнинг Ўз хавфсизлиги бўлими орқали киришга муваффақ бўлдим».

«Келаси ҳафта Бухорога бориб, акам билан кўришмоқчиман. Агар тўсиқлар бўлса, бу ҳақда сиз орқали хабар берсам бўладими? Ваҳоланки, мен уларга айтяпман: „Мен сизларга ичкарига киришимга рухсат берувчи ҳужжатни кўрсатяпман. Сиз эса менга киришимни тақиқловчи ҳужжатни кўрсатинг“. Улар бўлса бундай ҳужжатни кўрсата олмаслигини айтяпти. Амалда улар ўз хоҳиш-истагига кўра менга киришга рухсат бермаяпти», — деди ҳимоячи.

«Кеча суддан сўнг мен унинг олдига кириб, бир соатча гаплашиб ўтирдим. Мен ундан шундай ҳукм бўлишини кутганмидингиз деб сўрадим. Йўқ деди, „мени қўйиб юборишлари керак эди“, деди… Ҳозирча биз жазо қаерда — Бухородами ё Қорақалпоғистонда — ўталиши ҳақида ўйламаяпмиз. Ҳали олдинда апелляция бор. Қолганини кейин кўрамиз», — дея хулоса қилди Ринат Тажимуратов.