31 январь куни Бухоро вилояти судида Нукус воқеаларида гумонланган 22 кишига нисбатан ўқилган ҳукмдан сўнг журналист, Makan.uz сайти асосчиси Лолагул Каллиханова журналистларнинг саволларига жавоб берди. У мазкур иш доирасида айбдор деб топилиб, 8 йилга ҳукм қилинди ва шартли равишда озодликка чиқарилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Каллиханова сўзи аввалида суддан ушбу қарори учун миннатдорлигини билдириб, ўзи сиёсатчи эмас, балки журналист эканлиги ва нимага сиёсий фаоллик кўрсатганини тушунтириб берди.

«Конституциядаги Қорақалпоғистон Республикасига тегишли моддаларга ўзгартириш киритиш [таклифи] вақтида ўзим фаол қаршилик кўрсатганман. Балки шунинг учун мени шундай аташган бўлса керак. Энг катта хатони мен 25 июндан бошлаб 1 июлгача бўлган муддатда қилганман, чунки [Makan.uz Telegram-каналида] 60 минг обуначим бор эди. Бир томонлама бўлган шахсий қарашим билан [медиа] материаллар тайёрлаб, Қорақалпоғистондаги митинга сабабчи бўлганман», — деди у.

Журналист шунингдек, ОАВдаги «echo chamber» ["Эхо-камера"] муайян ғоялар, фикрлар хабарни узатиш ёки уни ёпиқ тизим ичида такрорлаш жараёнида мустаҳкамланиб, янада кучайиб бораверадиган тушунчага тўхталиб ўтди. Бундай хабарлар бошқа шунга ўхшаш ахборот оқимларини ютиб юборади.

«Бу шундай нарсаки, бир хонага кириб қолсангиз, эхо чиқади. Жамият ҳам шунақа, ўзига ўхшаб фикрлайдиганлар орасига кириб қолса, «Эхо-камера»га тушиб қолади. 10 йиллик тажрибам бўлгани билан назария бошқа, амалиёт бошқа экан, мен шунга тушиб қолдим. Мен фақат ўзимни (Makan.uz сайтининг Telegram`даги) ботим, смс ва қўнғироқлар муҳитининг ичига тушиб қолдим. Фақат [Конституция ўзгаришига] қарши фикрдаги одамларни эшитиб, ҳамма шунақа ўйлаяпти деган нотўғри тушунчага келиб қолдим. Ундан чиқиб кетолмадим, 5−6 кун давомида ўша ерда қолиб кетдим. Ўшанинг учун шунақа қарор қабул қилиб, ЖКнинг 244-моддасидаги жиноятни содир қилдим», — деди у.

журналист, лолагул каллиханова, нукус воқеалари, суд иши

Унинг сўзларига кўра, «унинг хатоси бошқа журналистларга ўрнак, сабоқ бўлиши керак». «Echo chamber»га тушган пайтда фақат ўша ердан чиқиб кетиб, ҳиссиётга берилмасдан, тиниқ фикрлайдиган одамларнинг маслаҳатини олиш керак, деди у.

«Бундан аввал ҳам Қорақалпоғистонда қорақалпоқ тилида танқидий материаллар ёзганман. 25 июндан кейин ҳам ҳеч ким менга қўй деб айтмаганди. Ўшанда ҳам Ўзбекистонда сўз эркинлиги бор эди. Лекин мен қонун доирасидан четга чиқтим ва шунинг учун жавоб бердим», — дея таъкидлади у.

У шунингдек, Ўзбекистонда ва ташқарида ҳамкорларингиз ким эди, деган саволга шундай жавоб берди: «Ҳамкорларим бўлмаган. Ёлғиз ҳаракат қилганман, Қорақалпоғистондаги шу [воқеаларни] бир ўзим ёритганман».

Журналистнинг таъкидлашича, фақат у ва Даулетмурат Тажимуратов қамоқ шаклида жазога лойиқ эди.

«Агар қамалиши керак бўладиган иккита одам бўлса, шулар аслида, Даулетмурат Тажимуратов билан мен бўлишим керак эди. Ҳозир қамалган одамларга жуда ҳам раҳмим келаяпти. Мени аёллигим инобатга олингандир, лекин барибир ўзимни айбдор ҳис қиламан. Тажимуратов билан иккаламиз теппа-тенг айбдормиз. Бу мен унга қарши [чиқаман] дегани эмас. У хато қилди, мен ҳам хато қилдим. Иккаламиз ҳам бир хил хато қилдик. Одамларни нотўғри, ноқонуний йўлга бошладик… Аслида биз иккаламиз жазоланишимиз керак», — деди Лолагул Каллиханова.

Унинг сўзларига кўра, Қорақалпоғистон «бу ўзгаришларсиз ҳам ҳаммаси эди».