Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг 12 ойи мобайнида 1200 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, бу 2021 йилгидан (1073) кўпроқ. Ушбу даврда ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар сони 136 нафарни ташкил этган, 1463 нафари тан жароҳати олган. Бу ҳақда шаҳар ИИББ хабар қилди.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 32,5 фоизини пиёдалар иштирокидаги бахтсиз ҳодисалар ташкил этади. Болалар иштирокида 169 та ЙТҲ содир бўлган, бунинг оқибатида 56 нафар вояга етмаганлар тан жароҳати олган, 17 нафари вафот этган.

Энг кўп қоидабузарлик тезликни ошириш билан боғлиқ — 370 та ҳолат. 143 нафар ҳайдовчи светофорнинг тақиқловчи ишорасига ўтган. 8 та бахтсиз ҳодиса автомобиль рулида ўтирган шахсларнинг маст ҳолатда бўлгани сабаб содир бўлган.

Эслатиб ўтамиз, ИИВ ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидов «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда ўлимлар билан боғлиқ ЙТҲлар сонини 5 йилда камида 2 баробарга қисқартириш режалаштирилганини маълум қилганди.

2022 йил февраль ойида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев мактаб ва боғчалар олдида транспорт тезлиги 30 км/соатдан ошмаслигини айтганди. Шунингдек, у Тошкент марказида транспорт тезлиги 50−60 км/соат дан ошмаслиги, умуман, республиканинг аҳоли гавжум ҳудудларидаги гавжум кўчаларда тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш кераклигини таъкидлаганди.

17 январь куни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссияси баёни билан Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳар ва вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланди. Чеклов кўчаларда тақиқловчи белгилар ва мослаштирилган тезликни аниқловчи мосламалар ўрнатилгач кучга киради.