Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик қўмитасида 29 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 7 636 та йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) қайд этилганини, улар оқибатида 7 174 киши жароҳатланган, 1 931 киши ҳалок бўлганини маълум қилганди.

Шу каби ЙТҲларда ўлимлар сонини камайтириш бўйича Ўзбекистонда Vision Zero стратегиясини ҳаётга тадбиқ этиш кўзда тутилганди. «Газета.uz» мухбири ЙҲХХ бошлиғи Олим Саидовдан ушбу амалиёт амалга татбиқ этилганидан сўнг ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар сони қанчага камайтирилиши режалаштирилгани ҳақида сўради.

«Бизнинг устувор йўналишимиз 5 йилда [ўлим билан боғлиқ ЙТҲлар сонини] энг камида 50 фоизга камайтириш. Ўзимизга бир маррани қўйганмиз, минимум ярмига камайтиришимиз керак. Максимум эса энг катта натижага эришиш [режалаштирилган]. Ҳар бир рақам орқасида бир инсоннинг ҳаёти, оиласи, тақдири турибди. Биз бунга бефарқлик билан қарай олмаймиз. Шунинг учун, зудлик билан тегишли чораларни кўришни бошладик», — деди ЙҲХХ бошлиғи.

Vision Zero — бу йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва йўл-транспорт ҳодисаларида ўлимни камайтириш бўйича халқаро дастур ҳисобланади. Концепция автомобиль йўлларида ўлим учун «ноль бардошлик» принципига асосланади ва уларни йўл ҳаракати хавфсизлиги нуқтаи назаридан лойиҳалашни таъминлайди.

Аввалроқ, Олим Саидов «Газета.uz»га ҳудудларда рухсат этилган ҳаракатланиш тезлигини пасайтириш масаласи декабрь ойида узил-кесил ҳал бўлишини маълум қилганди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида тезликни пасайтириш бўйича кенгашлар қарорлари Республика комиссиясига тақдим этилган.