Айни вақтда ўтказилаётган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев йўлларда қатновни ташкил этиш ва хавфсизликни таъминлаш илм билан ҳамоҳанг бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Йиғилишда Юнусободнинг Юнус-ота кўчасида 2020 йилда 4 та автоҳалокат содир бўлган бўлса, 1 дона светофор ўрнатиш орқали 2021 йилда бирорта авария бўлмагани, Кичик ҳалқа йўлининг Лак-бўёқ корхонаси қаршисида қарама-қарши йўлни ажратувчи тўсиқ ўрнатиш орқали аварияларга барҳам берилгани мисол қилиб келтирилди.

«Мана сизга илмий ёндашув ва оддий таҳлил билан ечим», — деди давлат раҳбари.

Қолаверса, пойтахт ва йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини илмий асосланиб белгилаш лозимлиги қайд этилди. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати борлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилиши кутилаётганини маълум қилди. Қолаверса, президент Тошкентга трамвай қайтарилишини ҳам айтганди. Давлат раҳбари трамвай бўйича фуқаролардан кўплаб хатлар ва мурожаатлар келаётганлигини таъкидлаган.