Тошкент туманида тиббиёт ходимига жароҳат етказган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар берди Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби.

Аниқланишича, 22 январь куни 16:30 да Тошкент тумани тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари (шифокор ва фельдшер) хизмат вақтида келиб тушган чақирувга асосан, туманда жойлашган «Қорабўриқ» МФЙга борган. Хонадонда йиқилиб тушиб, жароҳат олган бемор (аёл)га биринчи тиббий ёрдам кўрсатаётган вақтларида аёлнинг ўғли (1999 йилда туғилган Ў.А.) келиб, чақирувга аёл ҳамшира келмагани учун жанжал қилган.

Тиббиёт ходимлари хизмат вазифасини бажарган ва заруратга кўра беморни шифохонага олиб борган. Шу вақтда беморнинг ўғли келиб, тушунтиришларга қарамай, жанжални давом эттирган ва фельдшер — 1993 йилда туғилган У.У.ни уриб, унга жароҳат етказган, ҳолат юзасидан тиббий экспертиза тайинланган.

24 ёшли фуқаро Ў.А. ИИБ ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент тумани ИИБ томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонда шифокорлар ва тиббиёт ходимларига куч ишлатиш ҳолатлари тез-тез учраб туради. Хусусан, бундан 2 ҳафта олдин ҳам Сурхондарёнинг Бойсун туманида тиббиёт бирлашмаси шифокори 2 киши томонидан калтакланганди.

Шунингдек, турли вақтларда пойтахтнинг Миробод, Яккасарой туманлари, Сирдарё, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Жиззах, Навоий каби вилоятларда шифокорлар фаолиятига қаршилик кўрсатилган ёхуд калтакланган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 9 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ССВ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умид Рисқиев «Газета.uz» мухбири саволига жавоб бера туриб, шифокорларни бодикамера билан таъминлаш масаласига муносабат билдирганди.

Агар бодикамера билан ҳимояланадиган бўлсак, ички ишлар ходимлари билан ҳам тажовуз ҳолатлари йўлга тушиши керак эди. Ижтимоий тармоқларда кўриб турибсизлар, баъзи жойларда бодикамераси бор ЙПХ ходимларини машина «капот»ига ўтиргиздириб олиб, сайр қилдириб юрган видеолар тарқаляпти. Бу ҳимоя бўла олмайди. Тўғри, тиббиёт ходимларини калтакланиши жуда ачинарли, жамиятимизга умуман тўғри келмайдиган ҳаракат. Ёрдам сўраб ётган беморнинг олдига келиб, ёрдам беришга ҳаракат қилаётган шифокорни уриш ўша одамнинг тафаккури анча пастлигини билдиради», — деган Умид Рисқиев.

У тажовуз ҳолатларини камайтириш учун ОАВнинг ёрдами кераклиги, зўравонларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган.

«15 суткалик қамоқ жазоси ёки Маъмурий кодексга ўзгартириш киритиш, жарималар миқдорини кўпайтириш бўйича Бош прокуратура томонидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Олий Мажлис томонидан кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, сизлар (ОАВ вакиллари) тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати қай даражада ёмонлигини, бу халқимизга умуман тўғри келмайдиган жараён эканини қоралаб ёрдам берсаларингиз, ўйлайманки, одамларнинг онги сал ўзгаради ва тажовузлар аста-секин камаяди», — дея ОАВ вакилларига юзланган ССВ расмийси.