2019 йилнинг 26 июнь куни 2005 йилда туғилган ўсмир «эхинокок» ташхиси билан операция қилинади ва у вафот этади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Марҳумнинг акаси, 1995 йилда туғилган фуқаро Ж.Қ. 2019 йил 29 июнь куни соат 10−30 ларда Жиззах вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази хирургия бўлимига келиб, 1968 йилда туғилган бўлим мудири Т.Ҳ.ни қасддан ўлдириш мақсадида ўзи билан олиб келган ошхона пичоғи билан кўкрагига ва қорин қисмига бир неча марта пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказади. Шу пайт бўлим шифокори Б.Ғ. уларни ажратиб қолиши натижасида Ж.Қ. жиноий мақсадини охирига етказа олмасдан, воқеа жойидан қочиб кетган.

Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган малакали тиббий ёрдам натижасида Т.Ҳ.нинг ҳаёти сақланиб қолинган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Ж.Қ. Зафаробод тумани, Узун қишлоғида ушланиб, ошхона пичоғи ашёвий далил сифатида олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан ўша куннинг ўзида Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ж.Қ тегишли процессуал тартибда ушланган.