Андижонда шифокор ҳаётига тажовуз қилиб, устидан бензин сепиб ёқиб юбормоқчи бўлган эркакка нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Аввал хабар қилганимиздек, 21 август куни Хонабод туманида истиқомат қилувчи 37 ёшли Ф. А.нинг онаси 64 ёшли И. А.И. ни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли Андижон вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг жароҳат оқибатлари ва ортопедия бўлимига олиб келиб, онасини шу бўлим мудирининг қабулига олиб кирмоқчи бўлган ва бўлим мудири билан ўрталарида келишмовчилик келиб чиққан.

Шундан сўнг, Ф.А.нинг бундан жаҳли чиқиб, бўлим мудири қўлларини боғлаб, ўзи билан елим идишда олиб келган бензин ёқилғисини хонага сепиб, ўлдириш билан қўрқитаётган вақтида шу бўлимда ишловчи ходимлар Ф.А.ни ушлаб қолишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш),173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.