Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати Rost24.uz интернет нашрида эълон қилинган пойтахтнинг Яккасарой туманидаги хонадонлардан бирида ўз хизмат вазифасини ўтаётган «Тез ёрдам» ходимлари калтакланганига доир хабарга муносабат билдирди. Бош прокуратура эса ҳолат юзасидан ИИО томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълум қилинишича, 12 октябрь куни соат 16:27 да Яккасарой туманининг Бобур кўчасида жойлашган хонадонларнинг биридан тез тиббий ёрдам хизматига чақириқ келиб тушган. Шундан сўнг, шифокор Б.М. ва фельдшер аёл Ж.И. дан таркиб топган «103» бригадаси чақириқ манзилига етиб бориб, бемор Б.Ж.га тиббий ёрдам кўрсатган.

Бироқ аҳволи ўта оғир бўлганлиги сабабли Б.Ж.ни зудлик билан шифохонага олиб кетишга қарор қилинган. Беморни транспортировка қилиш чоғида унинг ўғли асосли сабаб бўлмаса-да, тиббий бригада ходимлари билан тортишиб, қўл кўтариш даражасигача борган.

Оқибатда фельдшер Ж.И. кўкрак қафасига зарба олган ва аҳволи ёмонлашган. Шунга қарамай, тиббий бригада ўз хизмат бурчига масъулият билан ёндашиб, чақириқни якунлаган, яъни беморни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг қабул бўлимига олиб борган.

Хабарга кўра, «103» фельдшери Ж.И. мазкур шифохонанинг хирургия бўлими шок залига «кўкрак қафасининг ёпиқ жароҳати» ташхиси билан ётқизилган. Ҳозир фельдшер Ж.И. мазкур бўлимнинг интенсив палатасида тегишли даво муолажаларини олмоқда. Аҳволи ўрта оғирликда.

ССВ мазкур ҳолатни ўз назоратига олганини қайд этди.

«Умуман, вазирлик фуқароларимиз томонидан тиббиёт ходимларига нисбатан тажовузкор ҳаракатлар содир этилишига нисбатан доимо муросасиз муносабатда бўлади. Шунингдек, вазиятга қонун доирасида ҳуқуқий баҳо берилиши учун барча зарур чораларни кўради», — дейилади хабарда.

Бош прокуратура матбуот хизмати жанжал юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Суриштирув ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган. Натижалари бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.