9 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида ССВ Даволаш профилактика ёрдамини ташкиллаштириш бош бошқармаси бошлиғи Умид Рисқиев «Газета.uz» мухбири саволига жавоб бера туриб, шифокорларни бодикамера билан таъминлаш масаласига муносабат билдирди.

Аввалроқ, Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова мазкур таклифни илгари сурганди. Депутат бу борадаги фикрларини билдираркан, «Ички ишлар органлари ходимларида ана шундай мосламалар мавжуд. Айни пайтда 3 минг нафарга яқин тиббиёт ходими мавжуд деб ҳисобласак, ушбу масалани ҳал қилиш катта маблағ талаб қилмаса керак. Аксинча, бу орқали фуқароларнинг ҳам, тиббиёт ходимининг ҳам масъулияти ошади, зўравонликларга барҳам берилади, деб ўйлайман», — деганди халқ вакили.

ССВ вакили мазкур таклифни «чуқурроқ ўйлаб кўриш зарур»лигини қайд этди.

«Албатта, тез тиббий ёрдам ходимини бодикамера билан фаолият юритиши ҳимоя қилиш учун жуда яхши нарса. Лекин иккинчи эстетик томонини ҳам ўйлашимиз керак. Яъни шифокор ёки фельдшер бемор ёнига келганда уни ҳар хил ҳолатда кўради: қорнини очиб, ечинтириб кўришга тўғри келади. Бу бўйича ҳозир аниқ бир йўналиш мавжуд эмас. Мен ўйлайманки, тез тиббий ёрдамда битта эмас, бригада боради. У ерда 2−3 одам кўзи билан кўриб тургандан кейин бодикамерага қанчалик эҳтиёж бор, буни ҳам чуқурроқ ўйлаб кўришимиз керак», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бодикамера тез тиббий ёрдам ходимларига ҳимоя воситаси бўла олмайди.

«Агар бодикамера билан ҳимояланадиган бўлсак, ички ишлар ходимлари билан ҳам тажовуз ҳолатлари йўлга тушиши керак эди. Ижтимоий тармоқларда кўриб турибсизлар, баъзи жойларда бодикамераси бор ЙПХ ходимларини машина «капот»ига ўтиргиздириб олиб, сайр қилдириб юрган видеолар тарқаляпти. Бу ҳимоя бўла олмайди. Тўғри, тиббиёт ходимларини калтакланиши жуда ачинарли, жамиятимизга умуман тўғри келмайдиган ҳаракат. Ёрдам сўраб ётган беморнинг олдига келиб, ёрдам беришга ҳаракат қилаётган шифокорни уриш ўша одамнинг тафаккури анча пастлигини билдиради», — деди Умид Рисқиев.

У тажовуз ҳолатларини камайтириш учун ОАВнинг ёрдами кераклиги, зўравонларга нисбатан жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

«15 суткалик қамоқ жазоси ёки Маъмурий кодексга ўзгартириш киритиш, жарималар миқдорини кўпайтириш бўйича Бош прокуратура томонидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда Олий Мажлис томонидан кўриб чиқиляпти. Бундан ташқари, сизлар (ОАВ вакиллари) тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш ҳолати қай даражада ёмонлигини, бу халқимизга умуман тўғри келмайдиган жараён эканлигини қоралаб ёрдам берсаларингиз, ўйлайманки, одамларнинг онги сал ўзгаради ва тажовузлар аста-секин камаяди», — деди ССВ расмийси.