Ўзбекистон пойтахтининг иссиқлик таъминоти тизимини бошқарувчи Veolia Energy Tashkent компанияси кузатилаётган табиий газ тақчиллиги туфайли шаҳарнинг айрим ҳудудларидаги қозонхоналар зарурий ҳароратда иссиқлик ишлаб чиқара олмаётганини маълум қилди. Бу, ўз навбатида, иситиш сифатининг ёмонлашишига олиб келмоқда.

Компаниянинг аниқлик киритишича, иссиқлик энергияси «Тошиссиқликмарказ», «Тошкент ИЭС» (90%) ва Veolia Energy Tashkent (10%) маҳаллий қозонхоналарида табиий газдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилади. (10%).

«Иссиқлик параметрлари Veolia Energy Tashkent`нинг ҳарорат жадвалига мувофиқ ўрнатилади, ундан кейин эса ишлаб чиқарилган жами иссиқлик энергиясини компания истеъмолчиларга етказади. Шу тариқа, шаҳар иссиқлик таъминоти корхоналарига босими пасайтирилган газ етказилиб, ўрнатилган параметрлар тўлиқ таъминланмаяпти», — дейилади хабарда.

Veolia Energy Tashkent вазиятни яхшилаш учун кучайтирилган режимда ишламоқда: мутахассислар муаммоли ҳудудларни аниқлаш учун жойларга бормоқда ва иссиқлик таъминоти корхоналари билан биргаликда иссиқлик энергиясини қайта тақсимлаш бўйича ишларни мувофиқлаштирмоқда.

Аввалроқ Тошкент ҳокимлиги мавжуд газ захираларини барча истеъмолчилар ўртасида тенг тақсимлашга ҳаракат қилаётгани, бироқ ёқилғи етарли эмаслиги ҳақида хабар берган эди. Шу сабабли, жамоат транспортидан ташқари барча автомобилларга газ қуйиш шохобчалари фаолиятини тўхтатишга қарор қилинди.