Ўзбекистоннинг бир қатор ҳудудларида электр энергия таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ушбу ҳолат сабабларини маълум қилди.

«Кунлар кескин совий бошлагандан сўнг, истеъмолчиларнинг электр энергияси ва газга бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда. Шунингдек, совуқ кунларда магистрал газ қувурлари ва тармоқларида табиий газ босимининг ҳам кескин пасайиши кузатилмоқда. Бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи айрим иссиқлик электр станцияларига белгиланган ҳажмлардан кам миқдорда табиий газ етиб бормоқда. Бу эса, ўз навбатида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайишига олиб келмоқда», — дейилади баёнотда.

Вазирликнинг тушунтиришича, шундай ҳолларда электр энергиясини ишлаб чиқариш обектлари, юқори ва паст кучланишли электр тармоқлари, трансформатор пунктлари ҳамда подстанцияларда юкламаларнинг ортиши натижасида содир бўлиши мумкин бўлган «йирик аварияларнинг олдини олиш мақсадида айрим ҳудудларда электр таъминотида қисқа муддатли чекловлар» киритишга мажбур бўлинади.

Бундан ташқари, айрим ҳудудлардаги аҳолида табиий газ босимининг пасайиши ҳам кузатилмоқда. Таъкидланишича, ҳозирда барча ёқилғи-энергетика обектларида махсус навбатчилик штаблари ташкил этилган, мутахассислар юзага келган бу муаммоларни бартараф этиш бўйича чоралар кўрмоқда

«Истеъмолчилардан ушбу вазиятни тўғри тушунишларини сўраган ҳолда, тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш ҳамда энергия ресурслари барқарорлигини таъминлаш мақсадида, имкон қадар ушбу ресурслардан тежамкорлик билан фойдаланишларини эслатиб ўтамиз», — дейилади вазирлик ахборотида.

Эҳтимолий блэкаут ҳақидаги огоҳлантириш

Фото: Troll.uz / Telegram.

Ижтимоий тармоқларда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Миллий диспетчерлик маркази (МДМ) директори Музаффар Бобоевнинг ҳудудий электр тармоқлари корхоналари раҳбарлари, «Ҳудудий электр тармоқлари» компанияси бошқарув раиси, Энергетика вазирлиги ҳамда «Ўзэнергоинспекция»га юборган хати тарқалди. Энергетика вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га ушбу хатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлади.

Хатда таъкидланишича, 9 ноябрдан бошлаб иссиқлик электр станцияларида ёғилғи таъминоти билан боғлиқ оғир ҳолат вужудга келган. Электр станцияларига 12 ноябрь куни келишилган жадвалга нисбатан 350 минг куб метр (12 МВт электр энергияси эквивалентида) камроқ газ етказиб берилган.

Тошкент ИЭСга 50 минг куб метр газ етказиб берилган бўлиб, бу келишилган жадвалдан 270 минг куб метрга кам. Станцияда энергоблоклар технологик параметрлари меъёр кўрсаткичларидан тушиши ва ускуналар шикастланишини олдини олиш мақсадида 1-сон буғ-газ қурилмаси (360 МВт) ва икки энергоблок тўхтатилган.

Оқибатда станцияда умумий электр энергияси ишлаб чиқарилиши мазут ёқилғиси ёқиш ҳисобига 500 МВт гача (белгиланган режадан 600 МВт кам) тушиб кетган. Электр энергияси балансини таъминлаш ва энергетика тизимида оғир оқибатли йирик фавқулодда авария ҳолатлари (блэкаут) юзага келишининг олдини олиш мақсадида ҳамда туман электр таъминоти корхоналари томонидан 6,10 кВ тармоқлардан киритилаётган чекловлар самарасизлиги сабабли МДМ махсус жадвалга асосан юқори кучланишли тармоқларни ўчирган. Бу чора электр энергияси истеъмоли камайтириш имконини берган.

«Юзага келган фавқулодда вазият сабаб тизимда оғир оқибатли авария ҳолатларини олдини олиш ҳамда истеъмолчилар таъминотида тартибсиз узилишларни бартараф этиш мақсадида 12 ноябрдан бошлаб алоҳида топшириқ бўлганга қадар МДМ томонидан берилаётган соатлик электр энергияси истеъмоли топшириғини қатъий бажаришингиз сўралади. МДМинг минтақавий ва ҳудудий бўлинмалари томонидан электр талаб қилинган қийматларга тушириш бўйича берилган топшириқларни бажармаслик Марказий Осиё ягона электр энергетикаси тизимида Ўзбекистон энерготизимининг айби билан йирик оқибатли аварияларга сабаб бўлиши мумкин», — дейилади марказ хатида.

Қайд этиш жоиз, 13 ноябрь куни Тошкент вилоятидаги Amirsoy тоғ-чанғи курорти ҳам электр таъминотидан узилиб қолгани, бунинг оқибатида курортдаги дор йўли ишламай қолгани ҳақида хабар берилган эди.

Энергетика вазирлиги Амирсой ҳақидаги ахборотни тасдиқлади, аммо бу ҳолат курорт электр ускуналаридаги носозлик сабаб юз берганини қайд этиб ўтди. Таъкидланишича, ҳудудий электр тармоқлари корхонаси электр энергияси етказиб беришни тўхтатмаган. 16:44 да эълон қилинган ахборотда носозликлар бартараф этилгани ва дор йўли яна ишлаётгани маълум қилинган.

2022 йилнинг 25 январь куни Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда электр таъминотидан оммавий узилиш юз берган эди. Ушбу аварияни ўрганиб чиққан давлатлараро комиссиянинг март ойида эълон қилинган хулосасида январдаги блэкаут Ўзбекистон энерготизимидаги узилиш оқибатида юз бергани кўрсатиб ўтилган.