Гидрометеорология хизмати маълумотларига кўра, 9 январдан Ўзбекистонга Волгабўйи ҳудудларидан совуқ ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Баситханова аномал ҳарорат инсон саломатлигига қандай таъсир этиши ва унинг оқибатларидан сақланиш усуллари бўйича маълумот берди.

Мамлакатда 10−15 январь кунлари аномал совуқ кузатилиши, ҳаво ҳарорати кечалари -12−17 даража, шимолда тунда -17−22 даража, Устюрт ва чўл ҳудудларининг баъзи жойларида эса -25−27 даража совуқ бўлиши кутиляпти. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қаттиқ совуқда кўпинча қон томирларининг кескин торайиши кузатилади.

Аномал совуқ кунлари очиқ ҳавода камроқ бўлиш, болалар ва кексаларнинг кўчага чиқмаслиги тавсия этилади.

Айниқса, гипертония, бош мия қон томирлари атеросклерози, инсульт ва инфарктдан кейинги ҳолат, стенокардия каби касалликлар билан оғриган беморларга бундай ноқулай об-ҳаво салбий таъсир кўрсатади. Уларни бош ва юрак соҳасидаги оғриқлар безовта қилади.

Шунингдек, бронх ва ўпка хасталиклари, хусусан, бронхиал астмага чалинган беморларда касалликнинг фаол давридаги асоратлар зўраяди. Яъни уйдан кўчага чиққанда, бронхоспазм ёки стенокардиянинг хуруж қилиш хавфи ортади. Шу сабабли бундай инсонлар шифокор тавсияси билан ёнида доимий ичиб юрадиган дориларини олиб юриши шарт.

Аномал совуқ тери ва буйрак касаллиги бор беморларнинг умумий ҳолати ёмонлашувига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки бундай шароитда тана аъзоларининг музлаб қолиш эҳтимоли юқори.

Совуқ қотишнинг олдини олиш учун кўчага чиққанда иссиқ ва қалин кийимлар кийиш лозим. Бунда қўлқоп ва жун пайпоқлардан фойдаланиш жуда муҳим. Бош ва йирик қон томирлари жойлашган бўйин қисмини иссиқ тутиш талаб этилади. Сабаби бўйиндаги томирлар инсон бош миясини қон билан таъминлайди.

Аномал совуқда, шунингдек, алкоголь ва тамаки истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Чунки бундай ҳолатда қон томирлари кескин торайиб, қўл ва оёқнинг қисқа муддатда музлашига сабаб бўлиши мумкин.

Қаттиқ совуқ ҳаво инсон терисини ҳаддан ортиқ қуритиб юборади. Шу боис кўчага чиқишдан аввал таркибида сув бўлган дори воситаларини терига суртмаган маъқул. Аксинча, ёғли кремларни қўллаш тавсия этилади.

Эслатиб ўтамиз, «Юксалиш» ҳаракати давлат ва хусусий сектордаги иш берувчиларни аномал совуқ кунларда, агар ходимларнинг иш жойида бўлишига эҳтиёж бўлмаса, уйдан ишлашига рухсат беришга, жамоат транспортининг узлуксиз ҳаракатини таъминлашга чақирган.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги кутилаётган совуқ муносабати билан йирик корхоналарга газ ва электр энергияси етказиб бериш қисқариши, ИЭСларга газ етказиб бериш кўпайишини маълум қилган. Шу билан бирга, жадвалга кўра, энергия таъминотида қисқа муддатли узилишлари мумкин.