4 январь куни Жиззах вилоятида Зафаробод туманидаги 30-сон жазони ижро этиш манзил-колониясидан қочган икки маҳкум 5 январдан 6 январга ўтар кечаси Андижон вилоятининг чегара ҳудудларидан бирида қўлга олинди. Жазони ижро этиш департаментининг хабарига кўра, улар вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилди.

Ҳолат юзасидан текширув тайинланди. Уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Келтирилишича, жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар колония ҳудудидагина соқчисиз, эркин юриш, ишлаш, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз ҳаракатланиши мумкин. Белгиланган тартиб бузилса, қатъий назорат остига, яъни илгари жазо муддатини ўтаган умумий, қаттиқ ёки махсус тартибли колонияларга қайтарилади.