Жиззах вилояти Зафаробод туманидаги 3-минтақавий ҳудуд 30-сон манзил-колониясидан қочиб кетган ўта оғир жиноят содир этгани икки нафар маҳкум қидирилмоқда, дея хабар бермоқда «Газета.uz»га ИИВ хузуридаги Жазони ижро этиш департаменти ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 4 январь куни 1986 йилда туғилган маҳкум А. К. соғлиги сабабли Зафаробод тумани Тиббиёт бирлашмасининг «Терапия» бўлимига даволаниш учун ётқизилган бўлишига қарамасдан соат 22:30 ларда тиббиёт бирлашмасининг 3-қават 1-хонасидан рухсатсиз ноъмалум томонга кетиб қолганлиги аниқланган. Худди шу куни соат 23:15 ларда муассасада ўтказилган кўрик вақтида маҳкум 1992 йилда туғилган М. Н. нинг ҳам колония ҳудудида йўқлиги аниқланган.

Ҳозирда ЖИЭД томонидан тартиббузарлик содир этиб, манзил колония ҳудудидан кетиб қолгани учун қидирув ишлари олиб борилмоқда.

колония, маҳкум
Фото: Ижтимоий тармоқ

Департамент ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошевнинг таъкидлашича, манзил-колониядан қочиш жиноят эмас, тартиббузарлик саналади. Бу ерда маҳкумлар қўриқланмайди, аммо назоратда сақланади.