Пойтахт аҳолиси 5−11 декабрь кунлари Geonom.tashkent.uz сайтида Тошкент метрополитенининг ер устки қисмидаги 19 та янги бекат учун номлар таклиф қилиши мумкин бўлди. Кўрсатилган муддат ичида 458 фуқародан 1943 та таклиф келиб тушган (уларнинг барини сайтда кўриш мумкин).

Сервисни ишлаб чиққан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти ҳар бир бекат учун аҳоли энг кўп таклиф қилган учтадан номни алоҳида саралаб чиқди. Мутахассислар ҳам ўз таклифларини ўртага ташлади. Юзага келган рўйхат 13 декабрь куни Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан шакллантирилган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди. Тасдиқдан сўнг, ҳар бир бекат бўйича ном вариантлари жамоатчилик ўртасида овозга қўйилади.

Учрашувда Транспорт вазирлигининг Темирйўл транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Отабек Эркабоев, Фанлар академияси (ФА) Тарих институти етакчи илмий ходими Мухтор Шамсиев, ФА Шарқшунослик институти етакчи илмий ходими Омонулла Бўриев, Рақамли ривожланиш департаменти Топонимика бўлими бошлиғи Анвар Жабборов, департамент топонимисти Гулноз Гаппарова ва бошқалар қатнашди. Йиғилишда қатнашган «Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева тадбир қандай ўтганини ҳикоя қилади.

Қўйлиқ йўналишидаги «Дўстлик-2», шунингдек, Чилонзор йўналишининг Сергели қисмидаги «Бекат-1», «Бекат-3» ва «Бекат-5» станциялари номлари устида айниқса қизғин баҳс-мунозара кечди.

«Дўстлик-2»

Жамоатчилик сўровида «Чкалов» варианти энг кўп овоз олган. Шаҳар аҳолиси 2012 йилда номи «Дўстлик» деб ўзгартирилган ерости станция номини янги, ер усти бекатига қўйишни сўраган.

Ишчи гуруҳ «Чкалов» варианти, шу йўналишдаги «Бекат-2» станцияси учун таклиф қилинган «Ғалабанинг 40 йиллиги» номи каби, бекатга ном қилиб қўйиш учун тўғри келмайди, деган фикрга келди.

Кўпчилик аҳоли бекатни собиқ авиазавод шарафига «Авиасозлар» деб номлашни ҳам таклиф қилган. Шу атрофдаги маҳалла ҳам шундай аталади. Ишчи гуруҳ таклифлари орасида ҳам бу ном бор эди.

алексей хен, анвар жабборов, географик объектлар, гулноз гаппарова, ер усти метроси, ер усти ҳалқа метроси, метро, метро бекатлари, мухтор шамсиев, омонулла бўриев, тошкент метрополитени

Анвар Жабборов метро станцияларининг номлари унинг яқинида жойлашган кўчалар, мавзелар ва бошқа объектларникига ўхшаш бўлиши кераклигини таъкидлади. Станция Элбек кўчасида жойлашган, ёнида «Авиасозлар» маҳалласи ҳам бор.

Мухтор Шамсиев (марказда). Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизматиМухтор Шамсиев (марказда). Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

Ишчи гуруҳ Фанлар академиясининг тарихчилари бошқа номларни ҳам таклиф қилганини эслатиб ўтди. Улар орасида Қорасув деган вариант ҳам бор эди.

«Газета.uz» мухбири ҳозирда Қорасув деганда Тошкент аҳолиси Мирзо Улуғбек туманидаги мавзеларни тушунишини қайд этиб ўтди.

Анвар Жабборов эса станция яқинидан Қорасув дарёси оқиб ўтишини айтиб ўтди. Мухтор Шамсиев эса шундай қўшимча қилди: «Нафақат дарё. Эски Қорасув кўчаси ҳам авваллари авиазаводдан бошланиб, Мухтор Ашрафий [кўчаси]га қадар давом этган».

Муҳокама якунига кўра, ишчи гуруҳ қуйидаги учта вариантни маъқуллади: «Авиасозлар», «Элбек» ва «Қорасув».

«Бекат-8″

«Бекат-8″ станциясининг номи муҳокама қилинмади. Станцияга «Паралимпия ҳаракати» деб ном берилади, чунки бу ҳақда президентнинг қарори қабул қилиб бўлинган. Станция интерьерига ҳам шу мавзуга мос равишда безак бериб чиқилмоқда.

«Бекат-9»

Бир гуруҳ олимлар янги бекатлардан бирортасини «Тошкент метрополитенининг отаси» деб аталаётган академик Турсунбой Рашидов шарафига номлашни таклиф қилганди. Ишчи гуруҳ бу таклифни «Бекат-9» станцияси бўйича муҳокама вақтида кўриб чиқди.

Ушбу вариант қабул қилинди, шунга қарамай, станцияларни академиклар шарафига номламаган маъқуллиги таъкидланди: Юнусобод метросидаги мустақиллик йиллари очилган ҳамда олим ва геолог Ҳабиб Абдуллаев шарафига номланган бекат 2015 йили маҳаллий жой номидан келиб чиқиб «Шаҳристон»га ўзгартирилган.

Сергели йўлидаги «Бекат-1»

Ушбу станция номи устида ҳақиқий баҳс юзага келди. Баъзи онлайн хариталарда бу жой «Чоштепа» деб аталади. Тарихчи Омонулла Бўриев уни ё «Чочтепа» деб аташ кераклигини — араблар келгунига қадар бу сўз форсчада шундай айтилган — ёки арабчасига «Шоштепа» деб талаффуз қилиш лозимлигини таъкидлади.

Топонимист Гулноз Гаппарова одамлар бу жойни «Чоштепа» деб аташга ўрганиб қолганини, шу боис уларни бу номнинг бир неча юз йиллар аввал тўғри деб ҳисобланган вариантини айтишга мажбурлаш тўғри бўлмаслигини айтиб ўтди. Омонулла Бўриев одамлар станция учун қай бири мослигини ўзлари танлаб олиши учун ҳар учала вариант — «Чочтепа», «Шоштепа» ва «Чоштепа»ни овозга қўйишни таклиф қилди.

Бунга жавобан Отабек Эркабоев: «Қандай қилиб учта бир хил номни таклиф қиламиз?», — деб савол қўйди.

Станция учун ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилган номлар орасида «Жунариқ» ҳам бор эди — станция яқинидан шундай номли канал оқиб ўтади. Аммо бу ном гуруҳ томонидан рад этилди.

Ишчи гуруҳ бутун учрашув давомида бир станция учун таклиф қилинган ном вариантлари бошқа бирор бекатда такрорланмаслиги учун ҳаракат қилди.

«Бекат-3»

Ушбу бекат номи бўйича муҳокама ҳам узоқ давом этди. Сайтнинг аксарият фойдаланувчилари ушбу станцияни «Сергели» деб аташни таклиф қилган.

Тарихчи Мухтор Шамсиев «Сергели» аслида «Сирғали» сўзининг русчалашган варианти эканини таъкидлади. У жамоатчилик ўртасидаги сўровга айнан «Сирғали» вариантини қўйишни таклиф қилди. Ишчи гуруҳ аъзолари туман «Сергели» деб аталишини, бу ном Сенат томонидан ҳам тасдиқланганини айтиб, тарихчининг таклифига қарши чиқди.

алексей хен, анвар жабборов, географик объектлар, гулноз гаппарова, ер усти метроси, ер усти ҳалқа метроси, метро, метро бекатлари, мухтор шамсиев, омонулла бўриев, тошкент метрополитени

Охир-оқибат, туманнинг расмий номига зид бўлиб қолмаслиги учун «Сергели»га ўхшаш ҳар қандай вариантни рўйхатдан чиқариб ташлаш таклиф қилинди.

«Бекат-5»

Сайтнинг аксарият фойдаланувчилари бу бекатни, метронинг ушбу йўлини лойиҳалаштириш вақтидаёқ кўзда тутилганидек, «Қипчоқ» деб аташни таклиф қилган.

Кўриб чиқилган вариантлар орасида, шунингдек, ўзбек шоираси Зулфия ва «Яшил макон» вариантлари ҳам бор эди.

Энди нима бўлади?

алексей хен, анвар жабборов, географик объектлар, гулноз гаппарова, ер усти метроси, ер усти ҳалқа метроси, метро, метро бекатлари, мухтор шамсиев, омонулла бўриев, тошкент метрополитени

Таклифлар муҳокама қилингач, уларни яна бир бор ўрганиб, ҳукуматга тақдим этишга қарор қилинди. Шундан сўнг ном вариантлари овозга қўйилади. Жамоатчилик сўрови камида 15 кун давом этади.

Овоз бериш якунига етгач, Вазирлар Маҳкамаси таклифларни яна бир бор кўриб чиқади. Ҳукумат республика комиссияси ва давлат экспертизасининг хулосалари асосида якуний қарорни қабул қилади.

Тошкент ҳокимининг ахборот технологияларини татбиқ этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти директори Алексей Хеннинг «Газета.uz»га маълум қилишича, географик объектларга аҳоли томонидан ном таклиф қилиш ва овоз бериш имкониятини интернет орқали ташкил этиш Ўзбекистонда илк бор кузатилмоқда. Жаҳон миқёсида ҳам бундай амалиёт кўп эмас.

Унинг таъкидлашича, синов жараёнлари якунига етгач, ушбу сервисни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам татбиқ этиш таклиф қилинади.