Тошкент шаҳар ИИББ Youtube`даги «Koʻzgu» канали муаллифи Абдуқодир Мўминовга қилинган ҳужум юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди.

Қайд этилишича, воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, барча зарурий ҳаракатлар олиб борилган ва холислар иштирокида воқеа жойидан 5 дона қўл бармоқ изи ва 1 дона бейсбол битаси далилилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, Абдуқодир Мўминовдан бир дона флешкадаги видеоёзувлар текшириб қўриш учун процессуал тарбида олингани маълум қилинган.

Аввалроқ, блогер унга бешга яқин одам ҳужум қилганини айтганини хабар қилгандик. Номаълум шахслар унинг машинаси ойналарини бейсбол таёқчаси билан синдирган, шунингдек, унга жароҳат етказган ва уяли телефонини ўғирлаган. Абдуқодир Мўминов бир неча соат давомида тўғридан-тўғри эфирга чиқиб, воқеа жойига етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бир неча бор ўзига тегишли флеш-дискни қайтариб беришни сўраган, унинг сўзларига кўра, флеш-диск унинг рухсатисиз ва расмийлаштирилмасдан олиб қўйилган. Эфир вақтида ходимлар ундан тасвирга олмасликни бир неча бор сўраган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (Босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган. Тошкет шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириға кўра, ушбу жиноятни фош этиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан барча зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.