Сенат раиси Танзила Нарбаева Ўзбекистонда аёлларнинг мавжуд меҳнат имкониятларини таҳлилий ўрганиш умуман йўлга қўйилмаганини танқид қилди. Бу ҳақда у касаба уюшмалари федерациясида ўтган Хотин-қизлар муаммоларини ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси йиғилишида айтиб ўтди, дея Сенат матбуот хизмати «Газета.uz»га маълумот берди.

«Аҳолини касбга ўқитиш керак, бу учун мономарказлар бор, яна бошқа филиаллар ташкил қилинади», деб айтилди. Лекин республикамизда туманларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш жараёни, маҳаллаларнинг ўсиш нуқталари, маълум соҳаларга ихтисослаштирилган ҳудудлар бор. Аёлларни касбга тайёрлаш ва қайта ўқитиш дастурларида айнан шу омилларни эътиборга олиниши керак", деди у.

Шунингдек, Сенат раиси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги — энг катта эътиборни ташқи меҳнат миграциясидан ёки жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларга қаратиши зарурлигини айтди.

«Бу аёллар оғир ҳаётий вазиятларни бошидан кечирганлар, энди улар яна қайта қийналмаслиги, яна мураккаб, оғир шароитга тушиб қолмаслиги керак. Бу аёлларимизни ҳам бандлиги, муносиб меҳнат шароитлари, жамоасида тенг кўрилишида манзилли аниқ ёрдам кўрсатишингиз зарур», — дея таъкидлади Нарбаева.

Унинг айтишича, зўравонлик қурбони бўлган аёлларни бирламчи ўқитиб, иш билан таъминлаш бўйича кўмак мутасаддилар томонидан умуман йўлга қўйилмаган.

«Бугунги вазиятда, масалан, зўравонлик қурбони бўлган аёл реабилитация марказига жойлаштириляпти, кейин у ердан 1−2 ойдан сўнг чиқариб юбориляпти. Бу аёлни бирон ким на касбга ўқитяпти, на иш билан таъминлаяпти, унинг кейинги тақдири билан ҳеч ким қизиқмаяпти. Аслида, мана шу аёллар Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ишлайдиган асосий контингенти бўлиши зарур», — дейилади Сенат раиси нутқида.

Танзила Нарбаева барча мутасадди идоралардан кўтарилган мана шу барча масалалар бўйича аниқ иш ва натижа кўрсатишни талаб қилди.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги алоҳида қўшма дастур ишлаб чиқиш ва тақдим қилишни қатъий сўради.

Аввалроқ, у зўравонлик ҳолатларига қарши курашиш учун қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ҳужжатлар пакети тайёрлангани ва яқинда президентга ахборот берилишини маълум қилганди. Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева эса оиладаги зўравонликни жиноят деб баҳолаш таклифини киритганди.

Шунингдек, «Газета.uz» аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш учун яратилган ҳимоя ордерини олиш, шунингдек, унинг муаммолари ҳақида мақола тайёрлаганди.