Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан 13 октябрь куни ўтказилган форумда Сенат раиси Танзила Норбоева аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ва унга қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида фикр билдирди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари тўхтаётгани йўқ.

«Зўравонликка қарши кураш масаласи ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳозирги пайтда оммавий ахборот воситаларида „[масъул] ташкилотлар қаерга қараяпти?“, дея кўп чиқишлар бўляпти. Ҳақиқатан ташкилотлар бунга эътибор қаратиши керак. Оилада, жамоада, кўча-кўйда аёллар, қизлар ва болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳали ҳам давом этмоқда. Буни батамом йўқ қилишимиз керак», — деди у.

Бир гуруҳ сенаторлар июнь ойида зўравонликка оид барча қонунларни ўзгартириш бўйича ҳужжатлар пакетини тайёрлашга киришган ва бу жараён ҳозирда якунига етган.

«Кўп қонунларимизда ҳозиргача бўшлиқлар мавжуд. Биз уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни муҳокама қилиб, қонунлар пакетини тайёрладик. Жазони кучайтириш, зўравонлик ҳолатларига таъриф бериш каби масалаларга ечим топиш кўзда тутилган. Бу ҳақда бир неча кун ичида давлат раҳбарига ахборот бермоқчимиз. Шунинг учун жамоатчилик вакиллари, журналистлар „Ҳамма [масъуллар] жим ўтирибди“, деган фикрда бўлмаслиги керак. Бу бўйича қонунчилик нуқтаи назаридан жуда катта ишлар олиб бориляпти», — деди Танзила Норбоева.

Юқори палата раисининг қайд этишича, ҳозирги қонунларда ҳам зўравонлик ҳолатлари учун яхшигина жазо чоралари бор. Аммо одамларнинг дунёқараши, стереотиплар сабаб амалда қўлланилмайди.

«Аёлни эри бир шапалоқ урса, эртага ҳеч нарса қилмайди, ярашиб оласан, деган қарашлар ҳам бор, — деди у. — Ўзбекистонга тўғри келмайдиган бу каби ҳолатларни ҳаётимиздан батамом чиқариб юборишимиз керак. Ҳаммага қарашимиз, эътибор беришимиз лозим. Бундай масалаларга қишлоқларда яшаётган фаоллар опа-сингилларимиз ҳам эътиборли бўлади, деган умиддаман».