Ўзбекистонда 2019 йилнинг 2 сентябрида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда ҳимоя ордерига шундай таъриф берилади: «Ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланишига сабаб бўладиган ҳужжат».

Ҳимоя ордерини тақдим этиш ваколати ҳукумат қарори билан ички ишлар органларига берилган. Қонунчилик талабига кўра, ордер зўравонликдан жабрланган ёки шундай хавф остида қолган хотин-қизларга ҳолат аниқланган вақтдан бошлаб 24 соат ичида берилиши керак ва у 30 кунгача амал қилади. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра кўпи билан 30 кунгача узайтирилиши мумкин (президент март ойидаги чиқишида бу муддат бир йилгача узайтирилишини эълон қилган эди; Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳимоя ордери суд томонидан бир йил муддатгача берилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқиш учун аллақачон ҳукуматга киритилган).

Ҳимоя ордери берилгач, хусусан, жабрланувчининг зўравон билан алоқаси тақиқланади, ордер амалда бўлган вақтда уларнинг бир хонада бўлишига йўл қўйилмайди. Шунингдек, зўравон шахс зиммасига (жабрланувчиларни даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш каби) мажбуриятларни юклайди, унинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи чекланади.

Зўравон ушбу тақиқларни бузгудек бўлса, базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг бир баравари (28 ноябрь ҳолатига — 300 минг сўм)дан уч баравари (900 минг сўм)гача бўлган суммадаги жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жавобгарликка тортилиши мумкин. Такрорий зўравонлик, шунингдек, тақиқ ва чекловларни бузганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган.

Маълумот учун: Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-октябрь ойларида 41 596 нафар аёлга ҳимоя ордери берилиб, зўравонлик содир этган шахслар устидан назорат ўрнатилган. Ҳимоя ордери расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида 20 753 та оила яраштирилган, 17 884 та низолар бартараф қилинган. 5 179 та ҳолатда зўравон маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳукуматнинг 2020 йилги қарори билан нафақат тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби, балки тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби ҳам тасдиқланган. Тузатиш дастури одатда маҳалла фаолларининг зўравон билан олиб борадиган профилактик суҳбатларини назарда тутади.

Бу — қоғоздаги гаплар. Аслида эса…

Ҳимояга муҳтож ордер

Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Баҳодир Қаҳҳоров ҳимоя ордерини мурожаат тушгани заҳоти расмийлаштириш керак эмас, деб ҳисоблайди. Чунки «эри ёки қайнонаси бир оғиз қаттиқ гапириб қўйгани учун ҳам ордер олган аёллар бор». Унинг фикрича, оилавий низоларни «оила ичига кириб», чуқур ўрганиб, «вазият ва муҳит жиддий бўлсагина», ҳимоя ордери бериш керак.

«Эмоцияга берилган ҳолда ички ишларга мурожаат қилиб, ордер олгач, бир неча кундан сўнг хато иш қилиб қўйганини, оиласи билан яшаш истаги борлигини айтаётган аёллар кўпчиликни ташкил қиляпти», — дейди Қаҳҳоров. Айни вақтда, у ҳимоя ордери лозим даражада иш бермаётганини ҳам тан олади. Масалан, ҳимоя ордери берилгач, «эр-хотинга қўйиладиган бир қанча чекловлар»га амал қилиниши назоратга олинмаяпти, дейди у.

Амалдаги тартибга кўра, назорат маҳалла профилактика инспектори (бошқача айтганда — ордерни берган ички ишлар органлари)нинг зиммасига юклатилган, аммо у буни мониторинг қилиб боришга жисмонан улгурмайди. Назорат бўлмагач, устига «ҳимоя ордери» деб ёзилган бир парча қоғоз, гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, Тошкент давлат юридик университети доценти Камола Алиева таъкидлаганидек, жабрдийдани зўравоннинг зуғумидан ҳам ҳимоя қила олмайди.

Камола Алиева. Кадр: YouTube / Yuzma-Yuz

«Афсуски, ҳимоя ордери аёлларни бугун тўла ҳимоя қиляпти, дея олмайман. Чунки, амалиётда кўряпмизки, зўравон эр ордер талабларига риоя қилмай, хотини билан бир хонада яшаяпти ёки аёл такроран зўравонликка учраяпти. Бу борадаги механизм тўғри йўлга қўйилмаган», — дейди у. Алиева ҳимоя ордери олган аёлнинг зўравон эри билан бирга яшашга қўйиб қўйилишининг ўзини мантиқсизлик деб ҳисоблайди.

«Ички ишлар ходими ҳимоя ордерини бериб, хонадондан чиқиб кетгач, эр „Сен мени шарманда қилдинг“, дея ордерни йиртиб, хотинини уриш ҳолатлари ҳам учрамоқда», — дейди Камола Алиева. Оилада сурункали низо ва зўравонлик ҳолатлари бўлсагина жабрдийда аёлни ордер билан ҳимояга олиш керак деб ҳисоблайдиган Қашқадарё вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Коммуна Исмоилова ҳам Алиеванинг фикрларини тасдиқлайди.

«Ҳимоя ордерининг йўлга қўйилиши бир томондан жуда яхши. Чунки, масалан, ичкиликка ружу қўйган эркаклар, бироз бўлса-да, ҳайиқади, ордер талабларини бузмасликка ҳаракат қилади. Лекин баъзида тескариси ҳам кузатиляпти. Аниқроғи, ҳимоя ордери аёлларни ҳимоя қилолмаган ҳолатлар ҳам бўлмоқда. Афсуски, баъзи эркаклар „Бу нарсани олиб, нима қилолдинг?“, дея хотинини урмоқда», — дейди Исмоилова.

«Nemolchi.uz» лойиҳасининг ўзбек тилидаги талқини («Сукут сақлама») муҳаррири Нигора Адизова эса қатъий қилиб «ҳимоя ордери олган хотин-қизлар деярли ҳеч қандай ҳимояга эга бўлмайди», деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, «ордер амалда хотин-қизларни эмас, балки зўравонларни ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда» ва шу сабабли ҳам «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунни «Уй зўравонларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун деб қайта номлаш керак.

«Зўравонлар ордер олган аёлларнинг олдига келиш, уларга алоқага чиқишда давом этаверади, яъни босим ўтказишни тўхтатмайди. Тўғри, қўл кўтармай туриши мумкин. Бироқ бизга мурожаат қилганлар орасида, айни ҳимоя ордери муддати тугашини кутиб, унинг эртасига яна калтаклашда давом этилган ҳолатлар кўп», — дейди Адизова.

У бир мисол ҳам келтирди: «Уй зўравонлигига учраган Фотима айнан шундай муаммога дуч келди. Унга енгил тан жароҳатлари етказгани учун эри судланди ва 600 минг сўм жаримага тортилди — қонунчилик бўйича зўравонга бериладиган бор-йўқ жазо шу. На аввал берилган ҳимоя ордери, на эрнинг худди шу модда бўйича муқаддам жазога тортилгани, на участка нозирига қилинган қўнғироқлар қонун учун бир тийинлик аҳамиятга эга».

«Ҳимоя ордери кўпинча судгача етиб бормайди, яъни жарима зўравон учун ягона жазо бўлади. Эр хотинини калтаклайди, ички ишлар органлари унга ёрдамга келиб, ҳимоя ордерини беради. Аммо унинг талаблари тажовузкор томонидан осонликча бузилаверади. Оила тажовузкор эр ва отадан қутулмайди, балки оилавий бюджетдан жарима учун пул сарфлангани қолади, холос. Маъмурий жазога тортилган зўравон уйга қайтгач, янада ғазабланади ва жазосизлигига ишончи ортади. Ҳаммаси аввалгидек давом этади», — дейди Адизова.

«Зўравоннинг жазоси одам ўлдирганникидан қаттиқроқ бўлиши керак»

900 минг сўмлик жарима ёки 15 суткалик маъмурий қамоқ — айни вақтда ҳимоя ордери бўйича талабларни бузган зўравонга нисбатан қўлланилиши мумкин энг оғир жазо. «Бу дегани, зўравонлик ҳолати қайта такрорланиши ҳам жарима билан жазоланади. Жиноий жавобгарлик эса йўқ. Бу энг катта камчилик, деб ҳисоблайман. Жарима муаммога ечим бўлолмайди, зўравонни қўрқитолмайди. Жарима ҳам ўша оила бюджетидан тўланади, бунинг оғирлиги нафақат зўравон, балки аёл ва фарзандларга ҳам тушади», — дея тушунтиради Камола Алиева.

Нигора Адизова. Архив сурати

Нигора Адизова ҳам тизимли зўравонлик учун биргина жарима жазоси қўлланилишини нотўғри, деб ҳисоблайди. Боиси бу ҳолатда одамлар онгида «оиладаги зўравонлик жиноят эмас, балки харажатдир», деган фикр шаклланади. У яна юқоридаги Фотима кейсига қайтади: ўшанда у, харчанд кўндиришмасин, ҳимоя ордерини олмай, эрининг устидан ариза ёзганида эди, турмуш ўртоғи унга етказган жароҳатлари учун жиноий жавобгарликка тортилган бўларди.

«Сукут сақлама» муҳаррирининг таъкидлашича, уй зўравонлиги бир марталик ҳолат эмас, балки тажовузкорга қарам бўлган одамни мунтазам равишда таҳқирлашдир ва у оғир жиноят.

Адизованинг таъкидлашича, оиладаги зўравонлик натижасида соғликка етказилган ҳар қандай зарар Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 103 (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш), 104 (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 105 (қасдан баданга ўртача оғир шикаст етказиш), 109 (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) каби моддаларида назарда тутилганидан кўра қаттиқроқ чоралар билан жазоланиши керак. «Nemolchi.uz лойиҳаси UNICEF билан ҳамкорликда Жиноят кодексига „Оилада зўравонлик“ моддасини киритиш ташаббусини билдириб, сенатор Шуҳрат Чўллиев раислигидаги тегишли ишчи гуруҳига таклифларни йўналтирган», — дея маълум қилди у.

Қашқадарё вилояти Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази раҳбари Коммуна Исмоилова ҳам ҳимоя ордери талаблари бажарилиши учун, масалан, «ашаддий зўравонларни бир неча ойга қамаш»ни таклиф қилди. «Шундагина улар ўзгаради, қонун ва талабларга амал қиладиган бўлади, деб ўйлайман», — деди у.

Дарвоқе, жарима ва маъмурий қамоқдан ташқари, зўравонлар махсус тузатиш дастуридан ўтиши ҳам белгиланган. Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакили Баҳодир Қаҳҳоровнинг таъкидлашича, бу дастур амалда зўравонни бир хонага олиб кириб, унга икки-уч соат насиҳат ўқишга айланиб қолган. «У билан тўрт-беш кунлаб якка суҳбатлашиб, психологиясини, қарашини ўзгартириш зарур. Афсус, биз бу борада ҳали ишлар олиб борганимиз йўқ. Тузатиш дастури ҳақида қонунчиликда жуда яхши ёзилган, аммо буни амалиётга татбиқ этадиган мутахассисларимиз етишмайди», — дея тан олади у.

Камола Алиева ҳам «тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлни ҳимояга олиб, реаблитация қилиш билан овора» бўлиб қолингани, аслида «оддий профилактик суҳбат» билан қутилиб кетаётган зўравонлар билан жиддий шуғулланиш кераклигини таъкидлайди.

«Кўплаб давлатларда жабрланган аёлни эмас, зўравон эрни уйдан чиқариб, уни жамоат ишларига жалб этиш амалиёти мавжуд. Зўравон хатосини англаб афсуслангач, экспертлар хулоса ёзиб беради ва уйига қайтади. Ҳозир бизда аёл уйидан чиқарилиб, реаблитация марказига жойлаштирилади ёки ота уйига олиб борилади. У ерда ҳаловатини йўқотган аёл аризасини қайтариб олиши, зўравон эри билан ярашиши ва яшаб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда. Таклиф сифатида айтмоқчиманки, Ўзбекистонда ҳам зўравонни уйдан чиқариб, жамоат ишларига жалб қилиш ёки маълум муддатга озодликдан маҳрум этиш керак», — дейди у.

Жазони оғирлаштириб, зўравон билан жиддий шуғулланилмас экан, зўравонлик ҳолатлари такрорланаверади, дея қўшимча қилди Камола Алиева.