25 ноябрь. БМТ Бош Ассамблеясининг 1999 йилдаги резолюцияси билан мазкур сана «Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни» сифатида белгиланган. «Газета.uz» сана муносабати билан мавзуга оид туркум материалларни эътиборингизга ҳавола этади.

Биринчи мақолада — тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларга бериладиган ҳимоя ордери ҳақида батафсил сўз юритилади. Қуйида ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси катта инспектори, капитан Шахноза Бобожонованинг «Газета.uz» мухбири Миролим Исажонов саволларига берган жавобларини ўқишингиз мумкин.

Ҳимоя ордерини кимлар олиши мумкин?

ИИВ капитани Шахноза Бобожонованинг таъкидлашича, ҳимоя ордери — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга давлат ҳимоясини берувчи ҳужжат ҳисобланади.

«Алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳимоя ордери оилада эридан жабрланган ё учинчи шахсларнинг зулмига учраган аёлларга, ота-онаси ёки бошқа шахсларнинг зулмига дуч келган (вояга етмаган) қизларга, қўни-қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликларда жабр кўрган, кўчада, ишда, ўқишда тазйиқ ёки шилқимликка учраган, ҳуқуқбузарлик ё жиноят қурбони бўлган хотин-қизларга берилади», — деди Шахноза Бобожонова.

Ордер қандай асосларга кўра берилади?

Унинг сўзларига кўра, тартибга кўра, ҳимоя ордерини беришга қуйидагилар сабаб бўлади:

  • тазйиқ ва зўравонликдан жарбланган хотин-қизларнинг мурожаати;
  • жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар;
  • тазйиқ ёки зўравонлик ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан аниқланиши;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар.

Маълумот учун, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Ҳукуматнинг 2020 йил 4 январда тасдиқланган «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ҳимоя ордерини бериш тартиби белгиланган.

Ордер олиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим?

Ҳимоя ордерини олиш учун маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари: раис ёки ўринбосарлари, ички ишлар органлари ёки ИИВ тизимида ташкил этилган қисқа «1259» рақамли «Ишонч маркази»га мурожаат қилиш мумкин.

Ҳимоя ордери маҳалла раисининг ҳуқуқ-тартибот масалалари бўйича ўринбосари, яъни профилактика инспектори томонидан берилади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жарбланган фуқаронинг ўзидан ташқари, яқинлари, қўшни ёки қариндошлари ҳам ордер олиш учун мурожаат қилса бўлади. Ҳолат ҳақида хабар берган фуқаролар ҳамда тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизларнинг шахсга доир маълумотлари қонунга асосан сир сақланади.

Бундан ташқари, 18 ёшга тўлмаган жабрланувчи ҳам ордер олиши мумкин. Аммо унинг аризаси қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили билан биргаликда кўриб чиқилади.

Эркакларга ҳам ҳимоя ордери бериладими?

Амалдаги қонунчиликка кўра, ҳимоя ордери фақат хотин-қизларга расмийлаштирилади. Яқинда тайёрланган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Сенатига киритилган. Унда ҳимоя ордерини зўравонликдан жабрланган барча шахсларга, хусусан, эркакларга ҳам бериш кўзда тутилган.

Амал қилиш муддати қанча?

Тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланса, 24 соат ичида расмийлаштирилади ва ўша вақтдан эътиборан кучга киради. Ҳимоя ордери 30 кунга берилади. Агар шу вақт ичида ҳолат ўзгармаса, ҳужжатнинг амал қилиш муддати жабрланувчининг аризасига кўра, кўпи билан 30 кунгача чўзилади.

Ҳимоя ордери кўриниши.

Ҳимоя ордерининг биринчи қисми, яъни асли жабрланувчига берилади, иккинчи қисми (нусхаси) зўравонлик содир этган шахсга топширилади.

Бундан ташқари, зўравонга ўрнатилган чеклов варақаси ҳам берилади. Ҳимоя ордерининг учинчи қисми эса профилактика инспекторида қолади.

Зўравон ҳимоя ордерини олишга мажбурми?

Йўқ. Зўравон шахс ҳимоя ордерини олиш ва уни имзолашни рад этиши мумкин. Агар шундай ҳолат бўлса, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ва зўравонни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда, қонун бўйича жавобгарликка тортилиши ҳақида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.

Ҳимоя ордери жабрланувчини нималардан ҳимоя қилади?

Ҳимоя ордерини олган фуқаролар 30 кун ичида қуйидаги ҳолатларда ҳимоя қилинади:

  • тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишни тақиқлайди;
  • тарафлар ўртасида алоқани тақиқлайди (иш ва таълим муассасаларида билвосита алоқага йўл қўйилади);
  • тарафларнинг бир хонада бирга бўлишига йўл қўйилмайди;
  • зўравон шахс зиммасига (жабрланувчини даволаш, моддий ва маънавий зарарни қоплаш каби) мажбуриятлар юклайди;
  • зўравон шахснинг қурол сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқи чекланади (хизмат қуролидан ташқари).

Талабларни бузган зўравонга қандай чора кўрилади?

2020 йил октябрда «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 206−1-моддаси «Тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахснинг ҳимоя ордери талабларини бажармаслик» нормаси билан тўлдирилди.

Мазкур модда талабини бузган зўравонликда гумонланган шахслар БҲМнинг 3 бараваригача (900 минг сўм) жарима тўлаши ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси билан жазоланиши белгиланган.

ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармаси ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 2022 йилнинг 9 ойида зўравонлик ва тазйиқдан жабрланган 37 959 нафар хотин-қизларга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордери расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида салкам 19 минг оила яраштирилган, 16 мингдан ортиқ низоли ҳолатларнинг сабаблари бартараф этилган. Мазкур муддат мобайнида 897 нафар аёлга ҳимоя ордери такроран берилган. Ўрнатилган чекловларга амал қилмаган 2 109 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ҳимоя ордери муддати қай ҳолатларда тугатилади?

Шу билан бирга, ҳимоя ордерини муддатидан илгари тугатиш ҳам мумкин:

  • жабрланувчи ҳимоя ордерини тугатишни сўраб мурожаат қилганда;
  • белгиланган муддат, яъни 30 кун (узайтирилган муддат) тугатилганда;
  • жабрланувчи ёки зўравонлик содир этган шахсдан бири суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда;
  • содир этган жинояти учун жабрланувчилар ёки зўравон шахсдан бирига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилганда;
  • жабрланувчилар ёки зўравон шахсдан бири содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум этилганда;
  • жабрланувчилар ёки зўравон шахсдан бири мажбурий даволанишга юборилганда;
  • жабрланувчилар ёки зўравон шахсдан бири қонун ҳужжатларига мувофиқ доимий яшаш жойидан узоқ муддатга бошқа мамлакатга чиқиб кетганда;
  • жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслардан бири вафот этганда.

Амал қилиш муддати тугаганлиги тўғрисида шу куннинг ўзидаёқ, жабрланувчи ва зўравон шахсларга хабар берилади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда тазйиқ ва зўравонликка учраган 14 минг 774 хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Ҳимоя ордерлари кўпроқ Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Фарғона, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳиссасига тўғри келган.

2021 йилда эса оила-турмуш муносабатлари доирасида тазйиққа учраган хотин-қизларнинг 39 343 нафарига ҳимоя ордери берилган.

2022 йилнинг 1 март куни бўлиб ўтган видеоселекторда президент Шавкат Мирзиёев зўравонлик ҳолатлари тобора кучайиб бораётганини таъкидлаб, ҳимоя ордери муддатини узайтиришни таклиф қилганди. «Бундан буён, аёлларнинг тазйиқ ва зўравонликдан ҳимояси суд томонидан кафолатли таъминланади. Алоҳида ҳимояга олиш бир йилгача муддатга белгиланади», — деганди у.