Навоий вилоят Солиқ бошқармасининг икки ходими 9000 доллар олаётган пайтда қўлга олинди, дея хабар бермоқда вилоят прокуратураси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, Навоий вилоят Давлат солиқ идораси ходимлари З.А ва Б.Ш. МЧЖга қарашли кафеда ўтказилган сайёр солиқ текшируви натижасини тадбиркор фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 10 минг доллар талаб қилган. 18 ноябрь куни Навоий шаҳрида кимёвий ишлов берилган 9000 долларни жамият раҳбаридан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан З.А ва Б.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят иши юзасидан вилоят прокуратураси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида ходимларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.