ДБҚ раиси беш нафар ходимни ишдан бўшатди ва тергов органларига топширди. Бу ҳақда ДБҚ матбуот хизмати хабар берди.

15 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов иштирокида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорларга шароит яратган айрим ходимлар ҳаракати танқид остига олинди.

Хусусан, Тошкент вилояти божхона бошқармаси «Ойбек» чегара божхона постида жорий йилнинг июнь-сентябрь ойларида олиб борилган тезкор ўрганиш ишлари натижасида, олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ортилган юк машиналарини ҳужжатларда бўш ҳолатда дея кўрсатган ҳолда олиб чиқилганига доир факт ва далиллар аниқланиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

«Ойбек» чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари ва 3 нафар ходимлари шу куннинг ўзида божхона органларидан бўшатилди ва тергов органларига топширилди, дейилади ДБҚ хабарида.

Шу билан бирга, 15 ноябрь куни тунги соат 3:30 ларда «Тошкент-АЭРО» ихтисослаштирилган божхона комлпекси «Тошкент халқаро аэропорти» чегара-божхона постида аниқланган товар-моддий бойликларни ноқонунинй олиб киришга уриниш ҳолати ҳам йиғилишда кескин танқид остига олиниб, мазкур пост навбатчилик бошлиғи ҳам лавозимидан озод этилди.

Маълум бўлишича, Фарғонада аниқланган ҳолатда товарларни «реэкспорт» қилмасдан, ички ҳудудда олиб қолинишига шароит яратиб берган ходимлар ҳаракати танқид қилиниб, «Қўқон» ТИФ божхона постининг бир нафар ходими ишдан бўшатилди ва ҳолатга алоқадар бир қатор ходимлар интизомий жазога тортилди.