Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасини ишлаб чиқувчилари («Газета.uz» бу ҳақда батафсил маълумот берганди) Ўзбекистоннинг «яшил белбоғини» яратиш концепциясини таклиф қилди.

Бу ҳақда шанба куни ҳужжат тақдимотида стратегия муаллифларидан бири, «ТошкентбошпланЛИТИ» институти шаҳарсозлик ва илмий лойиҳалар бўйича директор ўринбосари Саидазим Шарипов маълум қилди.

«Яшил белбоғ» — шаҳар атрофи ёки уларга туташ ҳудудларда дарахт ва буталардан иборат экозона. Улар, асосан, ўша ерларни урбанизация таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадиди ташкил этилади.

«Белбоғ»ни Мўйноқдан Андижонгача бўлган чизиқда ташкил этиш таклиф қилинмоқда. «Яшил белбоғ» узунлиги 1500 км бўлиши мумкин.

«Буни амалга ошириш мумкин, чунки Орол денгизининг қуриган тубига экилган саксовуллар етарли даражада ўсиб чиққан», — дейди Саидазим Шарипов.

Унинг қўшимча қилишича, бундай лойиҳалар аллақачон хорижда амалга оширилмоқда. Африка Иттифоқи Буюк Яшил девор лойиҳасини 2019 йил ҳолатига кўра 15% амалга оширилди. Бу қитъанинг Атлантика қирғоғидан Қизил денгизгача бўлган ҳудудда дарахтлар экишни ўз ичига олади. Белбоғнинг узунлиги деярли 7800 км ва кенглиги 15 км бўлади. Лойиҳанинг мақсади Саҳрои Кабир чўлининг кенгайишини тўхтатишдир.

Жаҳон амалиётидан яна бир мисол, узунлиги 12,5 минг км бўлган Европанинг «яшил белбоғи»ни ташкил этилишидир.

Саидазим Шарипов сўзларига кўра, «яшил белбоғ»ни қўшни қишлоқлар орқали темир йўл бўйлаб ўтказиш мумкин. Лойиҳанинг амалга оширилиши қишлоқлар ривожига хизмат қилиши кутилмоқда. Улар экоқишлоқ тамойили бўйича хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўладилар.

Аввалроқ ёзганимиздек, Тошкентнинг 2045 йилгача бўлган бош режаси лойиҳасида пойтахт атрофида узунлиги 130 км бўлган «яшил белбоғ» яратиш кўзда тутилган. Саидазим Шарипов бундай вазифа Тошкент шаҳрининг аввалги бош режаларида ҳам борлигини, лекин амалга оширилмаганини таъкидлади.