2022/2023 йилнинг куз-қиш мавсумида аҳолига 10 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни ўтган куз-қиш мавсумида иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа муассасаларининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича йиғилишда айтиб ўтди, дея хабар бермоқда унинг матбуот хизмати.

Унда энергетика вазири ва вилоят ҳокимлари 23 сентябрь куни чиққан «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бўйича бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот берди. Қарорга кўра, олис ҳудудларда кўмир, газ ва озиқ-овқат захиралари яратилиши керак эди.

Қайд этилишича, бунинг учун IV чоракда 21 млрд киловатт соат, 2023 йил бошида қарийб 22 млрд киловатт соат электр ишлаб чиқариш режалаштирилган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида аҳолига 10 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши белгиланган.

Давлат раҳбари бу жараёнда исрофга йўл қўймаслик учун газ қудуқларидан истеъмолчигача бўлган тизимни тўлиқ рақамлаштириш бўйича кўрсатма берди.

Шунингдек, табиий газ тармоғидан узоқдаги қишлоқ ва овуллар, ижтимоий объектларга суюлтирилган газ ва кўмир етказиб берилади. Президент қайси ҳудудга яна қўшимча захира керак бўлса, таъминлаб берилишини таъкидлади, дйилади хабарда.

«Барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари бу масалада масъулиятини икки карра ошириб, аҳолини рози қилиши, ҳеч бир мурожаатни эътиборсиз қолдирмасдан, тезкор ҳал этиши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Энергетика вазирлигига аҳолининг энергия манбалари билан таъминланганлик ҳолатини реал вақт тартибида мунтазам назорат қилиб бориш топширилди. Юзага келадиган муаммоларни бартараф этишда «call-марказ»лар ва ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолияти муҳим экани қайд этилди.

Энергия манбаларини иқтисод қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Дунёда энергетика соҳасида рўй бераётган муаммолар минтақага ҳам таъсир кўрсатаётгани, бундай вазиятда тежамкорлик долзарб экани қайд этилди. Шу боис барча муассасаларда энергия тежовчи технологиялар ўрнатиш, одамларнинг бу борада дахлдорлигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда корхоналарни молиявий соғломлаштириш, тижорат банкларининг барқарорлигини ошириш масалаларига тўхталиб ўтилди. Кредитлар эвазига ишга туширилган лойиҳаларни тўлиқ қувватга олиб чиқиб, уларнинг муддати ўтган қарздорлигини камайтиришга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берилди.