23 сентябрь куни ҳукуматнинг «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [522-сонли] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг берган хабарига кўра, олис ҳудудларда кўмир, газ ва озиқ-овқат захиралари яратилади.

2022/2023 йиллар куз-қиш даврида республика бўйича:

  • 2,967 та кўп квартирали уйлар;
  • 299 та газ тақсимлаш пунктлари;
  • 1,815.3 км ичимлик суви тармоқлари;
  • 2,420 та ижтимоий соҳа объектлари (жумладан, 13 та мактаб, 74 та шифохона ва поликлиника, 7 та ОТМ, 47 та маданият объектлари, 11 та спорт объектлари мукаммал) таъмирланади.

Шунингдек,

  • 149 км газ қувурларини тиклаш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади;
  • 6,209 та маҳаллага 314,400 тонна суюлтирилган газ етказиб берилади;
  • 1,680,000 тонна кўмир маҳсулотлари захираси яратилади (шундан ижтимоий соҳа объектларига 518,000 тонна кўмир етказиб берилади);
  • 443 та олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)ларда кўмир, газ ва озиқ-овқат захиралари яратилади.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев глобал бозорлардаги нархларнинг кескин тебранишини ҳисобга олиб, ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, аҳолини етарли миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш лозимлигини таъкидлаганди. Бунда ҳудудлар раҳбарларига озиқ-овқат маҳсулотлари захираларини шакллантириш вазифаси қўйилди. Шунингдек, товарларни экспортга етказишда логистика масалаларини тезкор ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.