Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида юк автомобили ва тепловоз иштирокида ЙТҲ содир бўлди, дея хабар қилмоқда ФВВ.

20 октябрь куни кеч соат 00:25 да Жиззах вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Навбатчилик қисмига Шароф Рашидов тумани «У.Хатамов» МФЙ ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган «ЧАКМАН» русумли юк автомобили Жиззах-2 Чаманзор темир йўл бекатлар оралиғининг 3550-кмда ҳаракатланиб кетаётган «Ўзбекистон Темир йўллари» АЖга қарашли тепловозининг йўлига чиқиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани тўғрисида маълумот келиб тушди.

Воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қутқарув отряди қутқарувчилар бўлинмаси юборилди. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тепловоз ўз изидан чиқиб кетиб, ҳаракатдан тўхтаган.

Ҳодиса оқибатида юк автомобили хайдовчиси тан жароҳати олди, унга жойида зарурий тиббий ёрдам кўрсатилиб, РШТЙИМ Жиззах филиали жонлантириш бўлимига ётқизилди.