2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан икки баробар кам, дея хабар қилмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Соҳадаги ижобий ўзгаришлар натижасида сўнгги йилларда „Тез ёрдам“ хизмати фаолиятида ёлғон ва асоссиз чақириқлар сони анчагина камайди. Бу эса юртдошларимизнинг тиббий саводхонлиги, шахсий масъулияти ортиб бораётганидан далолат», — дейди Республика тез тиббий ёрдам марказининг Тез тиббий ёрдам хизматини мувофиқлаштирувчи диспетчерлик маркази раҳбари Давлатбек Юлдашев.

Қайд этилишича, 2022 йилнинг 9 ойида «103» хизматига жами 4 минг 452 та ёлғон чақириқ келиб тушди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг айни шу даврига нисбатан 2 баробарга камайди. Яъни, 2021 йилнинг январь-сентябрь ойларида бундай чақириқлар сони 8 минг 27 тани ташкил қилган эди.

ССВ шунга қарамай айрим ҳудудларда ёлғон мурожаатлар сони юқорилигича қолаётганини таъкидлади.

Таҳлилларга кўра, 2022 йилнинг ўтган тўққиз ойи давомида энг кўп бундай чақириқ Тошкент вилоятида қайд этилиб, мазкур рақам 1 минг 208 тани ташкил этди. Кейинги ўринда 590 та чақириқ билан Қашқадарё вилояти жойлашган. Шунингдек, Фарғона вилоятидан 587 та ана шундай мурожаат келиб тушган.