13 октябрдан Ўзбекистон ва Эрон ҳукуматлари ўртасидаги ишбилармон ва илмий доиралар вакиллари ҳамда сайёҳлик гуруҳлар учун виза жараёнларини соддалаштириш тўғрисидаги битим кучга кирди, дея ёзмоқда ЎзА.

Мазкур битим Эрон президентининг 14−16 сентябрь кунлари Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган.

Ташқи ишлар вазирлиги Шартнома-ҳуқуқ департаменти маълумотига кўра, мазкур ҳужжат 11 моддадан иборат бўлиб, унинг кучга кириши «икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, туризм, фан ва илмий фаолият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантириш»га хизмат қилади.

Ҳужжатга кўра, томонлар паритет асосда ва миллий қонунчилигимиз қоидаларига мувофиқ томонлар давлатларининг ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари, шунингдек, туристик гуруҳлари учун виза беришнинг соддалаштирилган тартибини жорий қилади.

Бунда «ишбилармон доиралар вакиллари» деганда бир томон давлатининг бошқа томон ҳудудида инвестиция ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи фуқаролари тушунилади.

«Илмий доиралар вакиллари» — бир томон давлатининг бошқа томон ҳудудида фан ва илмий фаолиятни амалга оширувчи фуқаролари.

«Туристик гуруҳ» — бир томон давлатининг бир вақтнинг ўзида бошқа томон ҳудудига туристик мақсадларда кирувчи 5 (беш) дан 20 (йигирма) кишигача бўлган фуқаролари.

Томонлар давлатларининг ваколатли органлари иштирокчи давлатларнинг қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли ҳужжатларни олгандан сўнг, уларни 3 (уч) иш куни ичида (ҳужжат олинган кундан ташқари) кўриб чиқади ва ҳужжатлар маъқулланган тақдирда виза бериш учун тасдиқнома расмийлаштиради.

Томонлар давлатларининг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари қуйидаги визаларни тақдим этади:

  • бир томон давлатининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи ишбилармон доиралари вакиллари учун амал қилиш муддати 6 (олти) ойгача бўлган кўп марталик кириш визаси;
  • бир томон давлатининг фан ва илмий фаолиятни амалга ошириш мақсадида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи илмий доиралар вакиллари учун 1 (бир) ойгача амал қиладиган виза;
  • бир томон давлатининг турист сифатида, туристлар гуруҳлари таркибида бошқа томон давлатига ташриф буюрувчи фуқаролари учун 30 (ўттиз) кунгача бўлган туристик виза.

Алоҳида ҳолларда, агар қўшимча кўриб чиқиш талаб этилса, виза бериш муддати 10 (ўн) кундан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин.