Оилаларнинг бахтлилик даражасини аниқлаш орқали улар билан якка тартибда ишлаш, низоли вазиятларни эрта аниқлаш ҳамда якка тартибли ёндашувни тизимли йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистонда оилаларнинг бахтлилик индикаторини ишлаб чиқилмоқда.

Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти ахборот хизмати раҳбари Манижа Баҳриеванинг хабар қилишича, бунда халқаро бахтлилик индикаторлари ҳамда Буюк Британия, Франция, Хитой, Бутан, Индонезия, Малайзияда жорий қилинган индекслар таҳлил қилинди.

Лойиҳани шакллантиришда ишчи гуруҳ таркиби шакллантирилди. Ўрганишлар натижасида оилаларнинг бахтлилик индикаторлари аниқланди.

Таъкидланишича, индикаторда ўзбек миллатининг характери ва турмуш даражасидан келиб чиқиб субъектив ва объектив бахт кўрсаткичлари инобатга олинди.

«Лойиҳанинг муҳимлиги ва амалиётда самарадорлигини аниқлаш мақсадида Фарғона вилоятида тажриба синов ўтказилди. Барча таҳлил ва тажриба синов натижалари асосида оилаларнинг бахтлилик даражасини белгиловчи индикаторларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрланди ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди», — деди Манижа Баҳриева.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил учун бахтли мамлакатлар рейтингида (World Happiness Report) Ўзбекистон 11 поғона пастлаб, 53 ўринни эгаллаганди. Шунингдек, ўтказилган тадқиқотларга кўра, ўзбекистонликлар ўзларини бахтли ҳис қилишлари учун йилига 21 960 доллардан кўпроқ маблағ топишлари кераклиги айтилганди.