Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 23−27 сентябрь кунлари Украинанинг Россия эгаллаб олган ҳудудларида ўтказилаётган референдумларга ўз муносабатини билдирди. Бу ҳақдаги хабарлар Қозоғистон ОАВларида пайдо бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Луганск ва Донецьк халқ республикалари, шунингдек, баҳордан бошлаб рус қўшинлари назорати остида бўлган Запорожье ва Херсон вилоятларида ўтказилаётган референдумларга Россия федерациясига қўшилиш тўғрисида масала киритилган.

«Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган ЛХР ва ДХР ҳамда Запорожье ва Херсон вилоятлари ҳарбий маъмурияти томонидан Россияга қўшилиш тўғрисидаги референдум ўтказилишига тўхталсак, Қозоғистон давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, уларнинг суверен тенглиги ва тинч-тотув яшаш тамойилларига таянамиз», — дея баёнот берди Қозоғистон ТИВ расмий вакили Айбек Смадияров.

«Президентимиз бир неча бор, шу жумладан яқинда БМТ минбаридаги нутқида ушбу умумжаҳон ташкилоти низомига асосланган халқаро ҳуқуқ принципига қатъий риоя қилиш қанчалик муҳимлигини таъкидлаб ўтди. Низомда БМТга аъзо давлатларнинг тинчликни сақлаш ва давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш учун жавобгарлиги ҳақида сўз боради», — дея эслатди ТИВ вакили.

«Биз сиёсий мулоқотни йўлга қўйишда ёрдам беришга тайёр эканлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз. Шу билан бирга, мамлакатимиз минтақавий ва глобал барқарорликни сақлашни энг муҳим вазифа деб билади», деди Айбек Смадияров.

Қайд этиш жоиз, Қозоғистон ТИВ баёноти мамлакат ОАВлари томонидан тарқатилмоқда, аммо у ташки сиёсат идораси веб-саҳифасида эълон қилинмади.

Июнь ойида Қозоғистон президент Қасим-Жомарт Тоқаев Луганск ва Донецк халқ республикаларидан бўлган «квази-давлат ҳудудлари»ни тан олмаслигини таъкидлади. «Халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи амалга ошаверса, ер юзида ҳозирги 193 танинг ўрнига 500−600 дан ортиқ давлат бўлади. Бу тартибсизлик дегани», — деди у.

Ўзбекистон ҳам март ойида Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олинмаганини маълум қилганди. Ўша вақтда ташқи ишлар вазири бўлган Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олишини айтганди. Ўзбек расмийлари ўшандан бери мазкур масалада ўз позициясини бошқа билдиргани йўқ.