Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 24-ялпи мажлисида Украинадаги вазият тўғрисидаги саволга жавоб берди.

«Биринчидан, Украина атрофидаги вазият Ўзбекистонда жиддий хавотир уйғотмоқда. Иккинчидан, биз вазиятга тинч йўл билан ечим топиш ва можарони сиёсий дипломатик воситалар ёрдамида ҳал қилиш тарафдоримиз. Лекин бунинг учун биринчи навбатда ҳарбий ҳаракатлар, зўравонликлар зудлик билан тўхтатилиши зарур», — дея маълум қилди Абдулазиз Камилов.

ТИВ раҳбари Ўзбекистон ҳар икки мамлакат билан ўз миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.

«Биз бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва ҳозирги оғир вазиятни инобатга олиб, ушбу ёрдамни беришни давом этамиз», — дея маълум қилди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украинанинг Тошкентдаги элчиси Ўзбекистонга 28 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатгани учун миннатдорчилик билдирган эди.

«Ўзбекистон Республикаси Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — деди ташқи ишлар вазири.