Қозоғистон ўзини ўзи эълон қилган Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмайди. Бу ҳақда 17 июнь куни 25-Петербург халқаро иқтисодий форуми (ПХИФ)да мамлакат президенти Қасим-Жомарт Тоқаев маълум қилди. Йиғилишда Россия президенти Владимир Путин ҳам иштирок этди.

Унинг таъкидлашича, Қозоғистонда Россиянинг Украинадаги хатти-ҳаракатлари ҳамда ЛХР ва КХДР борасида турлича фикрлар мавжуд.

Замонавий халқаро ҳуқуқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомидир. Бироқ низомда белгиланган иккита асосий тамойил энди бир-бирига зид бўлиб қолди — бу давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидир, — деди Қозоғистон президенти.

«БМТнинг асосчилари, афтидан, ўша пайтда буни ҳисобга олишмаган ва эҳтимол, атайлаб шу муросага келишган ҳамда ҳозир бир-бирига зид бўлган иккита тамойилни жорий қилгандир. Албатта, улар бир-бирига зид бўлиши биланоқ, бошқа тушунча пайдо бўлади. Айримлар давлатнинг ҳудудий яхлитлиги муқаддас тушунча, муқаддас тоифа дейишади. Бошқалар эса у ёки бу давлат таркибига кирувчи ҳар қандай халқ ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқига эга ва ўз хоҳишига кўра ундан ажралиб чиқиши мумкин, дея таъкидлайди», — деди Қозоғистон раҳбари.

Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айтишича, агар миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бутун дунёда амалга ошса, ҳозирда БМТга аъзо бўлган 193 давлат ўрнига ер юзида 500 ёки 600 дан ортиқ давлат пайдо бўларди.

«Албатта, бу тартибсизликка олиб келади. Шу сабабли биз Тайванни ҳам, Косовони ҳам, Жанубий Осетияни ҳам, Абхазияни ҳам тан олмаймиз ва катта эҳтимол билан бу тамойил, бизнингча, Луганск ва Донецк каби „квази-давлат“ ҳудудларга нисбатан ҳам қўлланилади», — деди у.

Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди апрель ойи бошида Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини ва «на Қрим билан боғлиқ вазиятни, на Донбасс билан боғлиқ вазиятни» тан олмаслигини, чунки БМТ уларни тан олмаётганини айтганди.

Март ойида Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Сенатдаги чиқишида Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш ва можарони сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб ҳисоблашини таъкидлаган эди. «Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донецк халқ республикаларини тан олмадик», — дея таъкидлагандиу.