Тошкент ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси халқ депутатлари пойтахт кенгашининг 16 сентябрдаги сессиясида Тошкентнинг айрим кўчаларида энг юқори тезликни 60 км/соат (ҳозир 70 км/соат)гача чеклашни таклиф қилди. Аммо депутатларнинг бир қисми бунга қарши чиқди, бошқалари эса бу чора самарадорлигига шубҳа билдирди, шу сабабли кенгаш ушбу масалани кўриб чиқишни кейинги сессияга қолдирди.

ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари Шерзод Насировнинг айтишича, давлат раҳбарининг 4 апрелдаги «Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан йўл тармоғи инфратузилмасини такомиллаштириш ва сифатини ошириш, аҳолининг автомобиль йўлларида ўлим ҳолатларини кескин камайтириш, «пиёда — жамоат транспорти — велосипед — автотранспорт» устуворлиги тамойили асосида барча ҳаракат иштирокчилари хавфсизлиги учун ишончли шарт-шароитлар яратиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Унинг сўзларига кўра, саккиз ойда Тошкентда 645 та ЙТҲ содир бўлган, бунинг натижасида қурбонлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 720 нафардан 775 нафарга кўпайган.

Яккасарой туманида йўл-транспорт ҳодисалари сони 36 тадан 40 тага, жароҳатланганлар сони 42 тадан 48 тага кўпайди. Юнусобод туманида ўтган йилги 68 тага нисбатан 75 та ЙТҲ қайд этилган бўлиб, натижада ҳалок бўлганлар сони 8 дан 11 гача, жароҳатланганлар эса 82 дан 84 гача ошди. Яшнобод туманида 73 та авария (64 та эди) ва 95 та жабрланган (57) қайд этилган. Янгиҳаёт туманида ЙТҲлар сони 26 тадан 33 тага кўпайди, уларда 49 киши тан жароҳати олди (26 тани ташкил этганди).

Барча бахтсиз ҳодисаларнинг қарийб ярми — 47,9 фоизи тезликни ошириш туфайли содир бўлган. Масалан, 8 июнь куни Бобур кўчасида Matiz ҳайдовчиси тезликни ошириб, бошқарувни йўқотган ва йўл четидаги дарахтга бориб урилган, натижада ҳайдовчи ва йўловчи ҳаётдан кўз юмди. 7 август куни Фарғона йўли кўчасида Spark ҳайдовчиси катта тезликда келаётган Lacetti машинасига йўл бермасдан, рухсат этилмаган жойда ўнгга бурилган. Натижада Spark ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳалок бўлган, ушбу автомобилнинг икки йўловчиси ва Lacetti ҳайдовчиси жароҳатланган.

Жорий йилда янгиланган Йўл ҳаракати қоидаларига кўра, Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида автотранспорт воситаларининг рухсат этилган максимал тезлиги 60 км/соатгача камайтирилиши мумкин. Ҳукумат бу чекловни тўғридан-тўғри жорий қилиши мумкин эди, бироқ бу ҳақдаги қарорни йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссиясига юклаш ҳамда фақат «йўл ҳаракати интенсивлиги юқори бўлган жойларда ва одамлар гавжум жойларда» жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Президент Шавкат Мирзиёев февраль ойидаги йиғилишда Тошкент марказида тезликни 50−60 км/соатга тушириш зарурлиги ҳақида гапирган бўлса-да, ҳукумат қуйи чегарани 50 км/соатга туширмагани ҳақида ёзган эдик. Ўзбекистон рухсат этилган тезлик 70 км/соат бўлган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда (аслида рухсат этилган ўлчов хатосини ҳисобга олсак, у 75 км/соатни ташкил этади).

Қайд этиш жоизки, ЙҲҚда мактаблар ва болалар боғчалари олдида тезликни 30 км / соатгача камайтириш талаби ҳам ноаниқ тарзда ёзилган. Унда «тегишли белгилар мавжуд бўлса» деган жумла қўшиб кетилган. Тошкентнинг кўп жойларидаги мактабларда эса ҳалигача «50» белгиси турибди. Бундан ташқари, белгиларни мактабларнинг ҳар томонига эмас, фақат бир тарафига ўрнатилиши мумкин.

Шерзод Насиров ўз нутқида Европанинг 31 давлатида шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида максимал тезлик 50 км/соатни ташкил этишини айтди. Улар орасида Германия, Франция, Финляндия, Австрия, Буюк Британия, Бельгия, Болгария, Дания, Ирландия ва бошқалар бор. Қозоғистон, Грузия, Россия, Туркманистон ва бошқа мамлакатларда чегара 60 км/соатни ташкил қилади.

Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари жароҳатларининг оғирлиги тезликка қараб геометрик прогрессия шаклида ошади. Автомобиль 30 км/соат тезликда ҳаракатланаётганда, 20% ҳолларда тўқнашувда пиёда ҳалок бўлса, 50 км/соат тезликда бу кўрсаткич аллақачон 60%, 70 км/соат тезликда эса 90% ни ташкил қилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари ўлимга олиб келадиган ЙТҲлар сонини кескин камайтириш мақсадида депутатларга Тошкентнинг айрим кўчаларида тезликни камайтиришни маъқуллашни таклиф қилди. «Газета.uz» дастлаб 40 та кўчада тезликни пасайтириш режалаштирилгани, якунда 6 та катта кўча — Амир Темур, Бобур, Шота Руставели, Бунёдкор, Фарғона йўли ва Янги Сергели қолганини аниқлади. Рўйхатда кўрсатилган кўчалар жуда кўп транспорт ва бахциз ҳодисалар жуда кўп бўлган кўчалардир.

Шерзод Насиров инсон ҳаёти бебаҳо эканлигини, бахтсиз ҳодисада бир кишининг ҳам ҳалок бўлишига йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади. 2030 йилга бориб, ўлимга олиб келадиган ЙТҲлар сонини нолга қисқартириш бўйича улкан мақсад қўйилган бўлиб, буни тезликни пасайтирмасдан амалга ошириб бўлмайди.

«Биз тезликни 70 км/соатдан 60 км/соатгача камайтириш масаласига устувор аҳамият қаратишимиз керак. Йўлларда ўлим ҳолатларининг олдини оламизми ёки машиналарни тезликда ҳаракатлантиришни танлаймизми? Такрор айтаман: инсон ҳаёти бебаҳо, тезликни пасайтириш орқали одамларнинг ҳаётини сақлаб қолсак, бу катта ютуқ бўлади. Бу ўнлаб, юзлаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолади», — деди у.

Депутатларнинг муносабати

Депутат Дилшод Шоумаров шаҳарда ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш камераларининг неча фоизи ишлаётганини сўради. Унинг айтишича, хавфсизликни таъминлаш ва қоидабузарларнинг жазоланиши учун камераларнинг тўлиқ ишлашини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Шерзод Носиров 35 фоиз камералар ишлаяпти, бироқ тадбиркорларни бу соҳага жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда, дея жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, тез орада 300 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти қонунбузарликларни бартараф этиш ва камералар ўрнатиш бўйича фаолиятини бошлайди.

Муратхон Жўраев (юқори ўнгда).

Депутат Муратхон Жўраев комиссиянинг аввалги йиғилишида тезликни камайтиришга қарши чиққанини айтди.

«Аварияларда 70 км/соат тезлик бўлмайди. 70 км/соат — шусиз ҳам паст тезлик. Бу авариялар 100 км/соат, 150 км/соат тезликда, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда содир бўлади. Ҳаёт шиддат билан ривожланмоқда, биз эса тезликни секинлаштирмоқчимиз. Ҳозир машиналарнинг сифати аввалгидек эмас. «Жигули», «Волга» ва «Москвич»лар замони ўтди. Ҳозирги машиналар замонавий ва инновацион [механизмларга] эга», — деди у.

Унинг фикрича, ЙТҲларнинг олдини олишга тезликни пасайтириш билан эмас, балки институт, мактаб ва бошқа муассасаларда, жумладан, телевидение орқали тарғибот-ташвиқот ишлари орқали эришиш мумкин.

Муратхон Жўраев тезликни пасайтириш асосий кўчаларда тирбандликка олиб келади, деб ҳисоблайди. Шунингдек, у хорижий мамлакатларда баъзи ҳудудларда соатига 100−200 км тезликда ҳаракатланиш мумкинлигини таъкидлади ва «бизда ҳалқа йўлида ҳам 70 км / соат тезлик бор», деди.

«Бу ҳам коррупцияга олиб келади, — деб давом этди депутат. — Эртага жуда паст тезлик учун ҳам жаримага тортилади. Жарималарни текширишда коррупция ҳолатлари аниқланиши мумкин. Мен бу таклифни қўллаб-қувватламайман».

ИИББ ЙҲХБ бошлиғи ўринбосари тезликни пасайтириш тирбандликка олиб келмаслигини таъкидлади, чунки кўчаларнинг сиғими чорраҳаларни тўғри тартибга солишга боғлиқ. Унинг эслатишича, жорий йилда 140 та чорраҳани реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Кўпгина ишлар аллақачон якунланган ва биринчи натижалар ижобийдир.

Азамат Зиё (пастки қаторда чапда).

Фанлар академияси Тарих институти директори ўринбосари Азамат Зиё ёмғир пайтида барча ҳаракат иштирокчилари тезликни пасайтириши ҳамда тирбандлик юзага келишини таъкидлади. Шу билан бирга, Навоий кўчасининг реконструкция қилиниши транспорт ўтказувчанлигини оширишга хизмат қилди, дея эътироф этди у.

«Демак, гап фақат тезликни камайтириш ҳақида эмас. Эски шаҳарни олайлик… Менимча, бу ерда пиёдаларнинг ҳам ҳиссаси катта. Тезликни соатига 60 км га камайтириш қанчалик ёрдам беришини билмайман «, — деди у.

Шерзод Насиров йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида бошқа муаммолар ҳам борлигини тан олди. Хусусан, пиёдаларнинг йўлни нотўғри жойдан кесиб ўтиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

«Айтмоқчиманки, агар биз тезликни камида 10 км/соатга пасайтирсак, ўлим сонини нисбатан камайтиришимиз мумкин», — деди у. Бунга жавобан залдан норози овозлар эшитилди.

Ўзини таништирмаган депутатлардан бири катталар 60 км/соат тезлик чегарасини сақлаб қолиши мумкинлигини айтди, аммо «ёшлар катта тезликда ҳайдайди, уларни 60 км/соат тезлик билан тузатиб бўлмайди».

«Улар шашка ўйнашади, бир қатордан иккинчисига сакрашади. Ҳаммамизнинг машиналаримиз бор, биз буни кўриб турибмиз… Тезликни 60 км/соатга камайтириш билан ҳеч нарса ўзгармайди», — деди у.

Депутат, «Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари департаменти» МЧЖ ўринбосари, «Халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари» бўлими бошлиғи Лобар Қобулжонова кўплаб кўчаларда пиёдалар ўтиш жойи белгилари йўқ ёки ўчиб кетгани, шу сабабли ҳайдовчилар тўхташга улгурмай, пиёдаларни уриб юбориши мумкинлигини таъкидлади. У ЙПХ инспекторлари светофорнинг қизил чироғида йўлни кесиб ўтган пиёдаларга нисбатан чора кўрганини кўрмаганини қўшимча қилди.

«Менимча, биринчи навбатда агитация бўлиши керак. Иккинчидан, йўл белгиларини тартибга солиш», — деди у.

Тошкент молия институти ректори, депутат Тўлқин Тешабоев ҳамкасбининг пиёдалар белгилари ва ўтиш жойлари ҳақидаги фикрини қўллаб-қувватлади. У тезликни 60 км/соатга камайтиришга қарши эмас, лекин бу муаммони ҳал қилишига ҳам ишончи комил эмас.

Депутат Абдумавлон Қосимов аввало кенгаш комиссиясида тезликни пасайтириш масаласини кўриб чиқиш, сўнгра таклифни овозга қўйиш кераклигини айтди. Яна бир депутатнинг таъкидлашича, бу масала комиссияда аллақачон ўрганилган, бироқ у ерда овозлар иккига бўлинган ва тажриба тариқасида фақат иккита кўчада тезликни камайтириш таклиф қилинган.

Азамат Зиё комиссияда овозлар бўлинган масалалар муҳокамага чиқарилмаслигини таъкидлади.

Кенгаш сессияси раиси Тошпўлат Матибоев Абдумавлон Қосимовнинг масалани комиссияда қайта кўриб чиқиш ҳақидаги сўзларини қўллаб-қувватлади ва бу таклифни овозга қўйди. Депутатлар маъқуллаб овоз беришди ва шу тариқа масалани кўриб чиқиш кейинги сессияга қолдирилди.

Депутатлар тезликни пасайтиришни қўллаб-қувватлаганларида, масала бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича Республика комиссиясига ҳавола қилинган бўларди.

Нима учун тезликни пасайтириш муҳим ва нима учун бу етарли эмас?

2021 йилда Ўзбекистонда расман қайд этилган йўл-транспорт ҳодисалари сони 10 001 тани ташкил этди, бу 2020 йилдаги 6882 тага нисбатан 43,24 фоизга кўп. 2426 киши (шундан 263 нафари болалар) ёки ўтган йилдаги 1962 тага нисбатан 23,65 фоизга кўп киши ЙТҲ қурбони бўлган. 9230 киши тан жароҳати олди. Бу ўтган йилги 6591 талик кўрсаткичга нисбатан 40 фоизга кўп. Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари тезликни ошириш ва ҳаракатни нотўғри ташкил этишдир. Пиёдалар ўтиш жойларида одамларни уриб кетиш кўрсаткичи белгиланмаган жойлардаги рақамлар билан бир хил.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тезликнинг ҳар 1 км/соатга ошиши ҳалокатли бахтсиз ҳодисаларнинг 4−5 фоизга ошишига олиб келади. Автотранспорт тезлиги қанчалик паст бўлса, улар билан тўқнашувда пиёдаларнинг шикастланиши ва ўлими хавфи шунчалик паст бўлади.

30 км/соат тезликда автомобиль уриб кетган пиёданинг омон қолиш эҳтимоли 99 фоизни ташкил қилади, лекин тезлик 50 км/соат бўлса, омон қолиш даражаси 80 фоизга тушади.

Март ойида Тошкент ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳа бошқармаси бошлиғи Мурод Обидов шаҳар учун 50 км/соат тезлик энг оптимал эканини таъкидлаб, «бу илмий жиҳатдан тасдиқланган ҳақиқатдир», — деган эди.

Таълим муассасалари яқинида ва турар-жойларда 30 км/соат ва ундан паст тезлик чегараси кўпчилик ривожланган мамлакатларда стандарт меъёр ҳисобланади. Бироқ бу ягона шарт эмас. Кўчаларни ҳаракатни сокинлаштирувчи компонентлар (кўтарилган пиёдалар ўтиш жойлари, мажбурий хавфсизлик ороллари, қатнов қисмининг торайиши ва эгилиши, чорраҳалардаги айланмалар ва бошқалар), тезликни чеклаш механизмлари ва бошқаларни қўшиб қайта қуриш зарур.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қайд этишича, болалар жуда заиф йўл фойдаланувчилари ҳисобланади, чунки улар жисмоний, ақлий ва ижтимоий ривожланиш билан боғлиқ чекловларга эга. Бўйининг пастлиги болаларнинг атрофдаги тирбандликни кўришини, шунингдек ҳайдовчилар ва бошқаларнинг уларни кўришини қийинлаштиради. ЙТҲлар содир бўлган тақдирда, болалар бош суягининг юмшоқлиги уларнинг оғир бош жароҳатлари олиш эҳтимолини янада оширади.