2021 йилда Ўзбекистонда 10001 та йўл-транспорт ҳодисаси (2020 йилда — 6982 та) қайд этилган бўлиб, уларда 2426 киши (1962) вафот этган, 9230 киши (6591) жароҳатланган. ИИВ матбуот хизмати йил давомида содир этилган ЙТҲлар бўйича таҳлил натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, ҳудудлар кесимида энг кўп авариялар Фарғона (1469), Тошкент (1336), Самарқанд (1129), Наманган (1082) вилоятлари ва пойтахтда (1073) содир этилган. Энг паст кўрсаткич эса Сурхондарё (376), Жиззах (321) ва Сирдарё (202) вилоятларида қайд этилган.


Энг кўп — 2010 та ёки 20,1 фоиз ЙТҲлар белгиланган тезликка риоя қилмаслик ва 2009 та ёки 20,1 фоиз авариялар ҳаракатни ташкил этишдаги муаммолар сабабли келиб чиққан. Ундан кейинги ўринда пиёдалар ўтиш жойи белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш (1380 та ёки 13,8 фоиз ЙТҲ), пиёдалар ўтиш жойидаг ўтаётган пиёдани уриб юбориш (1150 та ёки 11,5 фоиз) қайд этилган.

Шунингдек, ҳайдовчининг тажрибасизлиги (912та/9,1%), қарама-қарши йўналишга чиқиш (792/7,9%), велойўлак бўлмаган жойда (610/6,1%), болаларни қаровсиз қолдириш (501/5%), светофор ёки йўл белгисига риоя қилмаслик (402/4%), автомобилни маст ҳолда бошқариш (135/1,4%) ва ҳаракат давомида телефондан фойдаланиш (100/1%) авариялар келиб чиқиш сабаблари сифатида кўрсатилган.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг 2008 таси (20%) 25 ёшгача, 2057 таси (20,6%) 30 ёшгача, 1823 таси (18,2%) 35 ёшгача ва 1359 таси (13,6%) 40 ёшгача бўлганлар томонидан содир этилган. Бундан ташқари, 4698 та авария пиёдалар, 1621 таси болалар, 1075 таси велосипедчилар иштирокида рўй берган. ЙТҲ содир этган ҳайдовчиларнинг 9733 нафари эркаклардир (аёллар — 268 нафар).

Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида илк бор йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласида видеоселектор йиғилишини ўтказган эди. Йиғилишда давлат раҳбари ЙТҲлар энг кўп содир бўлаётган туман ва шаҳар ҳокимлари, ички ишлар бошлиқлари ва прокурорлари ишдан олиниб, уч ой синов муддати берилганини маълум қилди.

Шунингдек, президент йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Республика комиссияси ташкил этилиши, унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилишини маълум қилди. Ҳудудий комиссияларга эса ҳокимлар раҳбар этиб тайинланиши ҳамда комиссиялар йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма ҳамда авария ўчоқларини ўрганиши айтилди.