АҚШ Афғонистондаги терроризмга қарши курашда ёрдам эвазига Тожикистон ва Ўзбекистонга 50 тагача ҳарбий самолёт ва вертолёт бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Politico музокаралардан хабардор икки манбага таяниб хабар бермоқда.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳамкорлик доирасида афғон ҳукуматини кўп сонли самолёт ва вертолётлар билан таъминлади. 2021 йилнинг август ойида Кобул ишғол этилган кунлари «Толибон» томонидан ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганди.

Афғонистон муваққат ҳукумати бир неча бор Ўзбекистон ва Тожикистондан ушбу давлатларга аввалроқ олиб чиқилган ҳарбий самолётларни қайтаришни талаб қилди. Ўзбекистон расмийлари Афғонистондан мамлакат ҳудудига кириб келган ҳарбий авиатехникани «Толибон»га қайтариб беришни режалаштирмаётганлигини, чунки улар Америка Қўшма Штатларига тегишли эканини хабар берганди.

«Афғонистон-Ўзбекистон муносабатларининг нозиклиги ва Россиянинг Марказий Осиёдаги иқтисодий ва ҳарбий таъсири туфайли бу масала ҳақида омма олдида кам гапирилди. Аммо парда ортида АҚШ расмийлари америкалик ҳарбийлар мавжуд бўлмаган минтақада ўз ўрнини эгаллаш учун самолётлардан таянч сифатида яширинча фойдаланишга уринмоқда», — деб ёзади Politico нашри Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали мулозимига таяниб.

Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, АҚШ техникаларни парвозларда қўллаш мумкинлигига ишонч ҳосил қилиш учун баҳолашни режалаштирмоқда. Ўзбекистон ва Тожикистонга эса «чегара хавфсизлиги ва терроризмга қарши кураш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш» бўйича норасмий келишув эвазига бир неча техникалар берилиши мумкин.

Келишув разведка маълумотлари алмашинувини кенгайтиришдан тортиб, Афғонистондаги террорчилик фаолиятини назорат қилиш учун минтақавий таянч сифатида ушбу мамлакатларга қўшин ёки самолётларни жойлаштиришгача бўлган ҳамма нарсани ўз ичига олиши мумкин, деб ёзади газета. Иккала давлат ҳам Афғонистон билан чегарадош ва АҚШ ҳарбийлари таянадиган Яқин Шарқдаги юзлаб километрлик базалардан анча яқинроқ.

Аммо ҳозирча келишув Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Афғонистондаги террорчилик тармоқлари ҳақидаги маълумотларига киришни ўз ичига олиши эҳтимоли юқори, дея қайд этди Politico.

АҚШ Мудофаа вазирлигининг расмий вакили Роб Лодевикнинг сўзларига кўра, «Мудофаа вазирлиги ҳозирда ҳеч қандай мақсадда АҚШ ҳарбий кучларининг Марказий Осиёда жойлашиши ёки доимий бўлишига интилмаяпти».

Қисқа муддатда бирор давлат АҚШга ўз ҳудудидан база қуриш учун фойдаланишга рухсат бериши даргумон, деб ёзади газета. Ўзбекистонда эса АҚШ билан бундай келишув қонунчиликда кўрсатилган «мамлакат ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базаларни жойлаштириши мумкин эмас» қисмини ўзгартиришни талаб қилади.

Август ойида Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов Афғонистонлик қўмондонлар ва ҳарбий хизматчилар қочиб кетган пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолган ҳарбий вертолёт ва самолётлар Украинага ўтиб қолишини хоҳламаслиги ҳақида баёнот берганди.