Россия ўтган йили афғон ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга қочишда фойдаланган 100 га яқин самолёт ва вертолётларнинг Украина ҳудудига ўтиб қолишини хоҳламайди. Бу ҳақда РФ президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов «РИА Новости» билан суҳбатда маълум қилди.

«Афғонистонлик қўмондон ва ҳарбий хизматчилар қочиб кетган пайтда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қолдирилган ҳарбий вертолёт ва самолётлар Украинага ўтиб қолмаслиги биз учун муҳим: уларнинг 60 га яқини Тожикистонда, 40−50 тачаси Ўзбекистон ҳудудида», — дея таъкидлади Кабулов.

Ўтган йилнинг август ойида «Газета.uz» Бош прокуратура хабарига асосан Кобул ишғол этилган кунлари «Толибон» томонидан ичида жами 585 нафар қуролланган ҳарбий хизматчилар бўлган 22 та ҳарбий самолёт ҳамда 24 та ҳарбий вертолёт (Embraer EMB 314 Super Tucano, UH-60 Black Hawk, MD-530, PC-12 ва Ми-17) Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганлиги ҳақида ёзганди. Кейинчалик эса Бош прокуратура ушбу хабарни «охиригача текширилмаган» дея атади.

АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий ҳамкорлик доирасида афғон ҳукуматини кўп сонли самолёт ва вертолётлар билан таъминлади. 2021 йил август ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида ўтиб қолган ҳарбий самолётларнинг аниқ сони расман эълон қилинмади.

Сентябрь ва ноябрь ойларида ҳаво кемаларининг учувчилари БААга, кейин эса АҚШга олиб кетилганди. Ҳарбий авиатехникаларнинг кейинги ҳолати бўйича маълумотлар ошкор этилмаганди.

Январь ойининг бошида Афғонистондаги муваққат ҳукуматнинг мудофаа вазири в.б. Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистондан авиатехникани қайтаришни талаб қилди. «Тожикистон ёки Ўзбекистонда турган самолётларимиз қайтарилиши керак. Биз ушбу самолётларнинг хорижда қолишига ёки ушбу давлатлар томонидан ишлатилишига рухсат бермаймиз», — деганди у.

Ўша вақтнинг ўзида АҚШ Пентагонининг расмий вакили Жон Кирби Ўзбекистон ва Тожикистондаги Афғонистоннинг ҳарбий самолётларини жойлаштириш масаласи ҳамон кўриб чиқилаётганлиги, бироқ у «самолёт ва вертолётлар „Толибон“ фойдаланиши учун Афғонистонга қайтарилмаслигига» ишонч билдирганди.

Апрель ойида Ўзбекистон президентининг Афғонистан бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев «Америка Овози»га берган интервьюсида Ўзбекистон ўтган йил августида мамлакатга учиб келган ҳарбий самолёт ва вертолётларни Афғонистонга қайтаришни режалаштирмаяпти, чунки улар АҚШ мулки ҳисобланади ва бу масала расмий Вашингтон томонидан ҳал қилиниши керак, дея маълум қилганди.