Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Аданом Гебреисус чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида COVID-19 пандемиясининг тугаши яқин, дунё уни енгиш учун ҳеч қачон бундай яхши ҳолатда бўлмаганини айтди. Бу хақда «РИА Новости» нашри хабар бермоқда.

«Ўтган ҳафтада COVID-19 туфайли ҳафталик ўлимлар сони 2020 йил мартидан бери энг паст кўрсаткич қайд этилди. Биз пандемияга барҳам бериш учун энг яхши ҳолатдамиз. Биз ҳали мақсадга эришганимиз йўқ, лекин охири яқин», — дея ишонтирди у.

У барча мамлакатларни 70% эмлаш билан қамраб олиш йўлидаги устувор вазифа — касалликка чалиниши эҳтимоли юқори бўлган гуруҳларни, шу жумладан, тиббиёт ходимлари ва қарияларни тўлиқ эмлаш учун сармоя киритишга чақирди.

Маълумот учун, ҳозирги кунда дунё бўйлаб жами 600 млндан зиёд аҳоли вирусга чалингани қайд этилган, 6,5 млни эса вафот этган.