Туркия Туркманистоннинг илтимосига биноан туркманистонликлар учун визасиз режимни бекор қилди. Бу ҳақдаги қарор 13 сентябрь куни президент Режеп Таййиб Эрдўғон томонидан имзоланди, деб хабар бермоқда Туркия Республикасининг расмий газетаси.

Ҳужжат билан Туркия Вазирлар кенгашининг 2007 йил 19 июлдаги фуқаролик паспортига эга бўлган туркманистонликларнинг Туркияда 30 кунгача туристик мақсадларда визасиз қолиши мумкинлиги ҳақидаги қарори бекор қилинган.

Аввалроқ Туркманистон ҳукуматининг ўзи туркманистонликлар учун вақтинчалик виза режимини жорий этиш илтимоси билан Туркия ҳукуматига мурожаат қилган эди. Сўров «Туркманистон фуқароларининг Туркия Республикасида бўлиш қоидаларини тизимли асосда такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш» мақсадлари билан асослантирилган.

Туркманистон фуқаролари учун Туркияга виза бериш билан Gateway International турк фирмаси шуғулланади. Turkmen.news манбаларига кўра, компания оилавий, меҳмон, талаба ва туристик визалар учун ҳужжатларни қабул қилади. Туристик ва меҳмон визалари учун Туркия фуқароларидан таклифномалар талаб қилинади. Визанинг ўзи 85 доллар, суғурта эса 65 доллар туради.

«Хроника Туркменистана» нашрининг маълум қилишича, турк расмийлари виза режими жорий этилишига қарши бўлган. Вице-президент Фуат Октай 1 июль куни Ашхободда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов билан учрашувда Анқара ҳеч кимни чекламоқчи эмас, чунки «бутун туркийзабон дунё бизга эркин, визасиз келади» деган эди.

COVID-19 пандемиясидан олдин Туркия Туркманистон билан бир вақтда визасиз режим ва тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширган ягона давлат эди. Бунинг шарофати билан Туркия туркман меҳнат миграцияси учун энг оммабоп манзилга айланди.

«Настоящее время»нинг ёзишича, Туркия томонидан Туркманистон фуқаролари учун виза режими жорий этилиши халқаро ҳаво қатнови қисман очилгандан сўнг у ерга пул ишлаш учун бормоқчи бўлган юз минглаб туркман муҳожирлари ва мамлакатнинг минглаб аҳолисига таъсир қилади. У ерда ҳам 20 мингга яқин туркман талабалари таҳсил олади.