Нукус шаҳри Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри биносида Олий Мажлиси Сенати аъзосининг сайловини ўтказиш бўйича Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Кенгес матбуот хизмати.

Унда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев иштирок этди. Сайлов тўғридан-тўғри, тенг ва яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилди.

Сайлов натижаларига кўра, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев Олий Мажлиси Сенати аъзолигига сайланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аманбай Оринбаев Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига сайланганди. Бунгача у Қорақалпоғистон ИИВ раҳбари лавозимида 5 ойдан камроқ муддат — март бошидан июль охирига қадар ишлади. Июль ойи бошида республикада юз берган намойишлардан сўнг у ўз лавозимидан озод қилинганди ва Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди. Август ойи бошларида у ўз номзодини Жўқорғи Кенгеснинг бўшаб қолган ўринларига қўйди ва 21 август куни депутат сифатида сайланди.