2022 йил 1 сентябрдан 2025 йилга қадар такси ҳайдовчилари ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилиши белгилаб қўйилганди. Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси матбуот хизмати 4 ўриндиқли транспорт воситалари ҳайдовчиларига ана шундай лицензия варақасини қаердан ва қай тартибда олиш борасида маълумот берди.

Таъкидланишича, ҳайдовчи аввало Давлат солиқ инспекция ҳудудий бўлимларига бориб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтади ва белгиланган пул миқдори — 300 минг сўмни тўлаб, гувоҳнома олади. Сўнгра давлат хизматлари марказига бориб қўлидаги гувоҳномага асосан йўловчи ташиш лицензия варақаси олиш учун бир йилга 300 минг сўм давлат божи тўлаб лицензия варақаси олади.

«Шунда ҳайдовчи жами бўлиб бир йилга 600 минг сўм сарф қилади, бошқа тўловлар (кунлик тўлов ҳам) мавжуд эмас. Шу билан бирга такси белгили плафон олиб транспорт воситасини том қисмига ўрнатиб йўловчи ташиши мумкин. Такси плафон бўлмаса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176−4-моддасига (Таксиларни ягона таниш белгилари билан жиҳозлашга доир талабларни бузиш) кўра жавобгар бўлади», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 ноябрдан бошлаб якка тартибдаги тадбиркорлар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати яна 10 тага ортиши хабар берилганди. Уларнинг орасида — риэлторлик хизматларини кўрсатиш, уй-рўзғор буюмларини ижарага бериш, автомобиль бозорларида воситачилик қилиш, кулолчилик ва бошқалар мавжуд.