Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 7 сентябрь куни Марказий Осиё давлатлари оммавий ахборот воситалари журналистлари билан онлайн учрашувда ўз мамлакатининг Ўзбекистон билан муносабатларига тўхталиб ўтди.

«2021 йил биз учун Ўзбекистон билан муносабатларда анча самарали бўлди. Мен эндигина вазир бўлганимда айнан Марказий Осиё давлатларига алоҳида диққат қаратмоқчи эканлигимни айтгандим. 2021 йилда эса биз ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказдик, парламентлараро дўстлик гуруҳини тўпладик», — деб эслайди у.

«Аслида, Россия сизнинг мамлакатларингиздан бизга ва Украинадан [сизга] транзитни тақиқлагани сабабли муносабатларимизга жиддий дарз кетди. Бу иқтисодиётга қаттиқ зарба берди. Аммо, шунга қарамай, биз бу муносабатларни ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан жонлантириш учун бор кучимиз билан ҳаракат қилдик», — деди Дмитрий Кулеба.

«Мен Ўзбекистонга ташриф буюришни чин дилдан хоҳлайман, мамлакатингиз тарихига, унинг ўзагидан ҳайратга қойил қоламан, чунки [унинг] халқи тарихнинг жуда даҳшатли даврларини бошидан кечирган. Биз ҳаммамиз бошимиздан ўтказдик, ҳаммамиз бир Совет Иттифоқи таркибида эдик ва улар имкон қадар миллий ўзлигимизни ўчиришга ҳаракат қилишди, лекин қаршилик қилдик», — деди Украина ТИВ раҳбари.

«Шунинг учун биз ҳозир ҳам, ҳатто ҳозирги шароитда ҳам муносабатларни иложи борича ривожлантиришга тайёрмиз, чунки уруш, бу — уруш, лекин ҳаёт тўхтаб қолгани йўқ ва биз олдинга силжишимиз керак, ҳатто ҳозирги воқеликда ҳам биргаликда нималар қила олишинимиз мумкинлигини излашимиз керак. Шунинг учун биз [барча келишувлар] кучда қолиши ва ривожланиши, янги шартномалар тузиб, уларни амалга ошириш тарафдоримиз. Биз ўзбек бизнеси билан жуда яхши алоқадамиз, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқот бор», — деди Дмитрий Кулеба.

Журналистларни Украинанинг Марказий Осиё давлатларининг уруш борасидаги тийилиб туриш позициясига қандай қарайди, деган савол қизиқтирди ва бу савол турли талқинларда бир неча бор берилди.

«Россиянинг Украинага қарши уруши бўйича Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларининг тутган позициясига келсак, мен бу саволга қисман жавоб берганман, бироқ фақат битта нарсани қўшаман. Қаранг: барчангиз, барчангизнинг давлатларингиз бизнинг ғалабамиздан манфаатдор бўлишингиз керак. Чунки агар биз ютқазсак, устингизга бостириб боришади», — деди Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари.

«Агарда Россия Украинада қилганларимиз учун жазосиз қолган ва натижага эришдик деб ўйласа, бундай вазиятда, бундай эйфорияда энди уч карра, балки 10 карра кучлироқ журъат билан Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишини тушуниб турибсизку, ахир. Раҳбарларингиз, ҳукуматингиз, менимча, буни тушунишади», — дея қўшимча қилди у.

«Биз ҳали ҳам ўта тийилшан [позицияни] кўрмоқдамиз. У дўстона эмас. Биз мамлакатларингизда Украинага нисбатан яхши ва самимий муносабатни ҳис қиляпмиз. Лекин биз сизни тийиб турган баъзи омиллар борлигини тушунамиз. Бу омил, бу Россия билан муносабатлар ва Россиянинг сизнинг ички сиёсатингизга таъсир қилиш қобилияти деб аталади. Хуллас, бу омиллар нима бўлишидан қатъи назар, агар биз мағлуб бўлсак, кейингиси сиз бўлишингизни ҳамма тушунишини истайман. Улар ҳаммани бўғиб қўйишади, чунки улар бизни сунъий шаклланиш деб билганларидек, сизни ҳам сунъий шаклланиш деб билишади. Бу шафқатсиз ҳақиқат», деди вазир.

«Ўйлайманки, доно ҳукмдор ўзини муваффақиятидан манфаатдор бўлган давлатга ёрдам беришнинг ҳар доим у ёки бу йўлини топиши керак, чунки у бу мамлакатнинг муваффақияти, бошқа нарсалар қатори, ўз мамлакати хавфсизлигининг кафолати эканлигини тушунади», дея қўшимча қилди Дмитрий Кулеба.

Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Украина президенти Владимир Зеленский Марказий Осиё давлатларининг барча етакчилари билан мулоқот қилишга тайёрлигини айтди. Ҳозирча фақат Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Токаев билан суҳбат бўлган.

Украина Марказий Осиё давлатларидан мамлакатни қайта тиклашда ёрдам кутадими деган саволга жавоб берар экан, ташқи ишлар вазири ўзга мамлакатларга кўчиб ўтишга мажбур бўлган 7 млн кишидан кўпчилигининг қайтиши кутилаётганига қарамасдан, урушдан кейин инсон капиталига бўлган эҳтиёж «ақлдан оздирар даражада» юқори бўлишини таъкидлади.

«Шунинг учун, албатта, агар мамлакатларингиз фуқаролари, мамлакатларингиз компаниялари Украинага келишни, уни тиклашда ёрдам беришни, пул ишлашни истаса, биз улардан фақат хурсанд бўламиз. Россиядан фарқли ўлароқ, биз шовинист эмасмиз, антисемит ва ксенофоб эмасмиз, шунинг учун биз бошқа халқлар, бошқа давлатлар халқлари вакилларидан доимо мамнунмиз. Биз эркинлик маконини, муваффақиятли мамлакат қурмоқдамиз, бунинг учун миллат муҳим эмас. Шунинг учун биз бахтли бўламиз», — деди у.

Шу билан бирга, Дмитрий Кулеба Украина меҳнат миграцияси билан боғлиқ барча муаммо ва қийинчиликлар, масалан, оилалар бузилиши ва бошқа ижтимоий оқибатлар билан яхши танишлигини таъкидлади, чунки кўп одамлар илгари ишлаш учун мамлакатни тарк этган.

«Шунинг учун, энг аввало мамлакатларингизга муваффақиятлар тилаймиз, ҳаммаси яхши бўлсин, кучли, иқтисодий ривожланган бўлайлик, одамлар ўз уйларида бўлсинлар, халқларимиз мустаҳкамлансин, хорижга кетаётган одамларини йўқотмасин», — деди вазир.