Президент Шавкат Мирзиёев 30 август куни пойтахтдаги Кўксарой қароргоҳи бўлиб ўтган тадбирда Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапирди.

«Бугун хурсандчилик кунларда кўпчилик муҳокама қилаётган айрим мавзулар кўнгилни хира қилади. Хотин-қизларимизга, азиз аёлларимизга нисбатан айрим зўравонликларни умуман қабул қилиб бўлмайди. Бу бизнинг миллатга хос бўлмаган чидаб бўлмас иллат», — деди Шавкат Мирзиёев Мустақиллик куни арафасида ўтказилган маросимда.

«Бунга қўл урганлар аёл қиёфасида ўз онаси сиймосини эсласин. Оқила опа-сингилларимиз бундай муносабатга лойиқ эмас», — дея таъкидлади у.

Ўтган ҳафтада болалар боғчасида хотинини калтаклаган эркак, кейинчалик уни ўз уйида ўлдириб кетганди. Марҳумнинг отаси унинг ўлимида туман милицияси ҳам айбдор, деб ҳисобламоқда. Ҳамкасбларининг сўзларига кўра, аёл кўпинча иш жойига танасидаги кўкаришлар билан келган.

Ўзбекистонда ҳали ҳам оиладаги зўравонлик бўйича жиноий жавобгарликка тортувчи қонун ёки модда йўқ, дея қайд этади зўравонликларга қарши Nemolchi.uz лойиҳаси.

Баданга турли даражадаги оғирликда шикаст етказиш моддалари (104-, 105-, 109-моддалар) мавжуд бўлиб, улар кўпинча маиший зўравонлик қайд этилган ҳолларда (кўп ҳолатларда ҳимоя ордери ва маъмурий жазодан кейин) қўлланилади. Бироқ, улар оиладаги зўравонликнинг моҳиятини қамраб олмайди: Бу нафақат жисмоний зарар, балки жиддий, тизимли маънавий зўравонлик ва шахсни йўқ қилиш демакдир", дея таъкидланган лойиҳа.

«Бундан ташқари, бундай зўравонликнинг билвосита қурбонлари ҳам бор — булар ёш болалар, кекса ота-оналар, улар нима бўлаётганини бехосдан кузатиб қолишади ва бу уларга ҳам шикаст етказади. Шуни таъкидлаш керакки, оиладаги зўравонлик мунтазам қийноқдир, деярли ҳеч ким биринчи мартадаёқ ёрдам сўрамайди, чунки кўпинча жабрланувчи психологик ва моддий жиҳатдан тажовузкорга қарам бўлади, вақти-вақти билан жаҳл чиқишига ишонади, низолардан қоча олмайди. Шунинг учун уйдаги зўравонликни кўчадаги жанжал билан тенглаштириб бўлмайди», — дея таъкидлади Nemolchi.uz

Барча экспертларнинг тавсиялари шундан иборатки, агар давлат аёлларни ҳимоя қилишни ва бу жиноятга қарши самарали курашишни истаса, оиладаги зўравонликни жиноят деб ҳисоблаши керак.