Ижтимоий тармоқларда Қуйи Чирчиқ туманида эр рашк сабаб хотинини хусусий уй боғчасидаги болалар кўз ўнгида бўғиб, урганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди. Бош прокуратура томонидан воқеа тафсилотлари ўрганилиб, муносабат билдирилди.

Хабар берилишича, 24 август куни Қуйи Чирчиқ тумани «Пахтакор» маҳалласида яшовчи 31 ёшли эркак С.Х. оилавий келишмовчиликлар ва рашк туфайли 24 ёшли турмуш ўртоғи М.Х. билан жанжаллашиб, болалар кўз олдида турмуш ўртоғини уриб, уни ҳақорат қилган.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати бўлган воқеа «Ласточка» номли оилавий боғчага умуман алоқадор бўлмаган шахсларнинг жанжали эканини айтди.

Ушбу эр-хотиннинг тортишуви аввалига кўчада бошланган, сўнг эрини калтагидан қочган аёл, кўзи тушган дарвоза томон қочиб кириб яширинмоқчи бўлган, сўнг эр хотинини кетидан кириб жанжал ҳолати НМТТ ичида давом этган.

Ҳолатни Қуйи Чирчиқ тумани ИИБ ўрганишни бошлаган, дейилади хабарда.

Сўнгра, 25 август куни эр қайнотасининг уйига эшикдан ошиб тушиб, оилавий муаммолар туфайли отаси уйида яшаб келган турмуш ўртоғининг ётоқхонасига кириб, бўйин соҳасига ошхона пичоғи билан тан жароҳати етказиб, ҳодиса жойидан яширинган. Олган тан жароҳати оқибатида, аёл вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Қуйи Чирчиқ туман прокуратураси тергов ҳаракатларини ўтказмоқда.