16 август куни банк ходими мижозларнинг пулларини талон-торож қилгани билан боғлиқ ҳолат аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мижоз банклардан бирининг махсус ботига мурожаат қилиб, пластик картасидан 8,08 млн сўм миқдорида маблағ ечиб олинганлигини маълум қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан номаълум шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. «Ўша куннинг ўзидаёқ банк хавфсизлик хизмати ходимлар ўртасида тергов ўтказди ва бу колл-марказ ходими К.Д. (2001 й.т.) томонидан содир этилгани аниқланди», — дейилади хабарда.

Ҳуқуқбузар молия муассасасига мурожаат қилган мижозларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиб Telegram мессенжерида техник ёрдам кўрсатувчи сифатида профиль очган, сўнгра муаммо борлигини таъкидлаб мижознинг ўзидан смс-код, картанинг махфий кодини олган ва маблағларни ўғрилагани айтилмоқда.

«Мижозларнинг пластик карталаридан пул йўқотиш ҳолатлари келиб чиққанда, банк хавфсизлиги ходимлари пул тушган жойларни аниқлашда ва фирибгарларни топишда ёрдам беришга тайёр. Шу билан бирга, коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ барча жиноий ишлар тергов қилиш учун ўз вақтида ички ишлар органларига топширилади», — дейилади Киберхавфсизлик маркази хабарда.