Андижон вилояти ҳокимлиги тадбиркор спорт залда ўзини осиб қўйгани бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан ҳокимлик томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган. «Ўрганишлар жараёнида, туман ҳокимлигида мақолада таъкидланган 200−300 кишилик йиғилиш ўтказилмаганлиги, шунингдек, тадбиркорга прокурор ҳам, ҳоким ҳам тазйиқ ўтказмаганлиги аниқланди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, тадбиркорга қурилиши олиб борилаётган лойиҳа қийматининг 85 фоизи миқдорида маблағ ажратилгани қайд этилган.

«Шунингдек, тадбиркор 250 млн сўм маблағини амалий кўмак сифатида сўраган бўлиб, унинг мурожаатига жавобан вилоят ҳокимининг топшириғига биноан тадбиркорга қўшимча 350 млн, жами 600 млн сўм маблағ ажратилиш масаласи белгиланган тартибда Халқ депутатлари Кенгашига 10 кунлик муҳокама учун қўйилган», — дея таъкидланади муносабатда.

Ҳокимлик хабарида «ўрганишлар мобайнида „Такомил қурилиш сервис“ МЧЖ раҳбарининг ўз жонига қасд қилиши билан боғлиқ бошқа тафсилотлар келиб чиқаётгани» таъкидланади.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Мавзу юзасидан батафсил ахборот тақдим этилади, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ раҳбари Н.С. ферма даласида дарахтга осилган ҳолда топилгани хабар берилди. Орадан бир ой ўтиб, 26 июль куни эса яна бир андижонлик тадбиркор, Rash Milk сут заводи ҳаммуассиси Раҳмиддин Мирзаев уйининг боғида ўз жонига қасд қилиб вафот этди.